2017-01-30 18:02:00

ДУНЁ РЕЙТИНГИДА ИСТОМИН 37 ПОҒОНАГА КЎТАРИЛИБ ОЛДИ

Жорий йил 30 январь куни профессионал теннисчиларнинг ҳафталик янги рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин икки ҳафта аввалги ўрнига нисбатан 37 поғонага кўтарилиб олди. Айни пайтда ҳамюртимиз роппа-роса 80-ўринни эгаллаб турибди.

Хабарингиз бор, Денис Истомин кеча якунига етган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи Австралия Очиқ чемпионатининг яккалик баҳсларида нимчорак финалга қадар етиб борган эди. 

Истомин турнирнинг илк даврасида хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда дунёнинг иккинчи ракеткаси, сербиялик Новак Жоковични, учинчи даврада испаниялик Пабло Бустани мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганди.

Айниқса, Жоковичнинг беш сет давом этган драматик учрашув якунида мағлуб этилиши бутун теннис оламида катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Австралия Очиқ чемпионати ғолибига айланган швейцариялик теннис афсонаси Рожер Федерер 7 поғонага кўтарилиб, кучли ўнталикка қайтди. У роппа-роса 10-ўринни эгаллаб турибди. Финалчи Рафаэль Надаль эса 9-поғонадан 6-ўринга кўтарилди.

“Туркистон-пресс”