2017-01-31 15:58:00

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ УЧ ЭГИЗАКЛАРНИ ЙЎҚЛАДИ

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовтаваллуд куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Шу муносабат билан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига юксак ҳурмат белгиси сифатида исм қўйилган уч эгизак — Исломжон, Абдуғани ва  Каримжонларни йўқлаб борди.

— Вилоят, туман ҳокимлиги ва маҳалла аҳли томонидан берилаётган катта эътибордан жуда хурсандмиз, — дейди шаҳрихонлик чақалоқларнинг онаси Фотимахон Қорабоева. — Шифокорлар ҳам ҳар куни хабар олишади. Акалари Машҳурбек, Самандар, Искандар ва Мансурбеклар ҳам дарсдан бўш вақтларида уч бешикни тебратиб, уй юмушларимга ёрдам беришяпти. Минг шукрки, фарзандларим обод ва озод юртда дунёга келди. Давлатимизнинг бутун дунё ҳавас қилгудек ютуқларга эришишида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг меҳнатлари беқиёс. Насиб қилса етти ўғлимиз у киши орзу қилганидек алпқомат, Ватан келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган, илм ва ҳунарда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб етишишади.

“Туркистон-пресс”