2017-01-31 16:23:00

ТАШАББУСКОР ФЕРМЕРНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев тумандаги илғор, янгиликка интиладиган қишлоқ мулкдорларидан бири. У туманда биринчилардан бўлиб кўп тармоқли хўжаликка асос солганди. Пахтачилик ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган фермер ҳар йили маҳсулот етиштириш шартномавий режаларини ошириб бажаради. 30 гектардан ошиқ майдонда уруғлик пахта етиштириш ҳисобига олинаётган даромад салмоғини янада ошириб келаяпти. Ўтган қисқа даврда мулкдор хўжаликдаги чорва моллари сонини 120 бошга етказди. Шунинг 60 бошдан ошиғини соғин сигирлар ташкил этади.

Ўтган йили чорвачиликни ривожлантириш мақсадида “1 Боёвут” СИУ ҳудудидаги кўп йилдан буён фойдаланилмаётган, ташландиқ ҳолга келиб қолган бинони олиб наслли мол кўпайтиришга ихтисослаштирган йирик чорвачилик фермер хўжалигига айлантирди.

2016 йилнинг октябрьойида “Асака”банк ва Халқ банкидан 540 миллион сўм кредит олиб Германия давлатидан 63 бош зотли ғунажин олиб келди. Фермада қишлов учун аввало мўл озуқа захираси яратилди. 30 гектар майдонда етиштирилган бедадан хушхўр озуқа-сенаж тайёрланди. Бундан ташқари, кечки экин сифатида экилган маккажўхори поясининг ўзидан 500 тоннадан ошиқ силос бостирилди. Молхоналар икки қаватли плёнка билан ўраб чиқилди. Фермагача янги электр линияси тортиб келинди. Ҳаракатлар самарасида хўжаликда қишлов бечиқим ва беталофат ўтказилаяпти. Германиядан келтирилган ғунажинлардан ҳозиргача 7 бош бузоқ олинди.

—Ҳар бош зотли сигирдан 25 литрдан сут соғиб олинаётганлиги даромадимизни кескин оширади, —дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Абдуназар Кенжаев. —Бу бир сигирнинг кундалик маҳсулдорлиги 50 минг сўмни ташкил этаяпти, демакдир. Кўрилаётган фойдани ҳисоб-китоб қилган ҳолда Германиядан яна 50 бош ғунажин олиб келиш чорасини кўраяпмиз. Ферма ёнида яна сутни қайта ишлаш мини заводини ҳам қурамиз. Бу эса чорвачиликдан кўрилаётган даромадни икки ҳисса ошириб, аҳоли дастурхонини арзон сут маҳсулотларибилан таъминлайди. Энг асосийси, шу йилнинг охирига бориб чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари, шахсий хўжаликда мол боқувчиларга зотли бузоқ сотишга ҳам муваффақ бўламиз. Бу эса вилоятимизда чорвачилик истиқболли тармоққа айланишининг мустаҳкам асосидир.

“Туркистон-пресс”