2017-01-31 17:20:00

ИЛМ-ФАН ЮТУҚЛАРИ — ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Ҳозирги кунда илм-фан ва олимларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тараққиётида илм-фаннинг мавқеини мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш борасида улкан қадам бўлди. Айни пайтда мазкур ҳужжат олимлар зиммасига бир қанча вазифаларни ҳам юклади.

Маълумки, мамлакатимизда жаҳон даражасида эътироф этилган олимлар кўп. Фармон талабларига кўра, улар ўз мактабларини яратишлари, аждодларга муносиб шогирдлар тарбиялашлари лозим. Бу жабҳадаги биринчи босқич — мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлашнинг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Давлатимиз раҳбари бу йўлда ҳеч нарсани аямаслик лозим эканини 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан бўлиб ўтган учрашувда алоҳида таъкидлади.

Жорий йилнинг 14 январида эса Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим, илм-фан, жамият ва мамлакатимизнинг келажаги учун стратегик аҳамиятга эга эканига эътибор қаратиб, иккита асосий  вазифани ҳал этиш  зарурлигини белгилаб берди. Улардан биринчиси — илмий муассасаларининг моддий-техник базасини илғор хорижий марказлар даражасида ва олимларимизнинг талабларига мувофиқ сезиларли равишда мустаҳкамлаш керак. Бунда, албатта, давлат эҳтиёжлари ва унинг мақсадли вазифалари инобатга олиниши шарт. Иккинчиси эса, академикларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, моддий рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини фан-таълим билан шуғулланишларидан ташқари ишлаб чиқаришни илмий ташкил этиш жараёнларига фаол жалб этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришда, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашда уларнинг беминнат хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Бу борада бизнинг Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрдаги кўрсатмасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Турсунбай Рашидов бизнинг институтимизга бириктирилди. Институтимизда бу инсонга барча шароитлар яратиб берилди, биргаликда олиб бориладиган илмий тадқиқот ишлари режаси тасдиқланди. Устоз билан ҳамкорликда режалаштирган ишларни бошлаб юбордик. Маълумки, илмдаги изланишлар ҳам, илмий кадрлар тайёрлаш ҳам бир-икки йилда ўз мевасини бера олмайди. Энг муҳими, илмли инсонларни қадрлаш, уларга ишонч ва катта умидлар билан қараш, қулай шароитлар яратиб бериш махсус тизимга солинар экан, давлат даражасига олиб чиқилган бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз ҳосилини кўрсатади. Ана шунда юртимизда энг сўнгги технологиялар кашф этилиб, нафақат ўзимиз, балки хорижликлар ҳам бунинг мевасидан баҳраманд бўладилар.

Шавкат МИРЗАМЎМИНОВ,

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш,

 қуриш ва эксплуатацияси институтининг

маънавий-маърифий ишлар бўйича

 проректори вазифасини бажарувчи

(“Туркистон-пресс”)