2017-01-31 19:48:00

БОЖХОНА ҚЎМИТАСИДА “ЯГОНА ОЙНА” АХБОРОТ ТИЗИМИ ОЧИЛДИ

Давлат божхона кўмитасида Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизими ишга туширилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIКА) ходимлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча соҳалар қатори Божхона соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, бир неча йиллардан бери Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIКА) вакиллари билан ҳамкорликда экспорт ва импорт юкларини божхона расмийлаштирувини янада енгиллаштириш мақсадида “Ягона ойна” ахборот тизимининг яратилгани, бу эса 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Президентимиз томонидан Давлат божхона қўмитаси олдига кўйган вазифаларни тизимли равишда сифатли ва самарали бажаришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Бу борадаги ишлар 2014 йилда Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасида Ҳукуматлараро икки томонлама Ҳадли битимда “Унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида бошланган эди.

Шундан сўнг ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикасига юклатилган мажбуриятларни бажариш бўйича Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган “Бир ойна” божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 18 августдаги қарори муҳим дастуруламал бўлди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Корея хамкорлигининг навбатдаги ёрқин ифодаси бўлиб, уни амалга ошириш учун Жанубий Корея томонидан 5,5 миллион АҚШ доллари микдорида грант маблағлари ажратилган эди.

Лойиҳани ишлаб чиқиш ва уни тўлиқ амалиётга жорий қилиш юртимиз ва Корея Республикасининг юқори малакали мутахассисларининг иштирокида бир қанча музокаралар, божхона соҳасидага бизнес жараёнларини синчиклаб текшириш, зарур маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, ушбу вақт ичида Корея Республикасидаги тренингларда юртимизнинг 30 га яқин мутахасислари тезкор тажриба ошириб қайтиши натижасида белгиланган муддатда ишга туширилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Давлат божхона қўмитаси сервер ва бошқа зарурий техник қурилмалар билан таъминланди, “Ягона ойна” ахборот тизимининг дастурий таъминоти ишлаб чиқилиб, тегишли синовлардан муваффақиятли ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан “Ягона ойна” тизими ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан экспорт ва импорт товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун божхона органига тақдим этилиши лозим бўлган барча турдаги рухсатнома сертификат ва хулосаларини йиғиш жараёнини тезлаштириш, бунга сарфланадиган вақтни тежаш имкониятини беради. Бу эса тадбиркорлар учун ўз фаолияти билан шуғилланишида янада қулай имкониятга эга бўлишларини таъкидлади.

Ушбу тизимда “Ўзстандарт” агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси каби қатор вазирлик ва идораларни қамраб олган бўлиб, унда 20 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари жумладан, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринар гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни олиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ягона ойна” ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Жаҳон божхона ташкилотига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида ушбу ташкилот тавсия этаётган халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

Ушбу ахборот тизимининг аҳамияти шундаки, олдин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари экспорт-импорт амалиётларини амалга ошириш жараёнида, яъни ташқи савдо шартномасини тузишдан товарларни жўнатиш ёки қабул қилгунга қадар тегишли рухсатномалар олиш учун бир нечта давлат органларига мурожаат қилишга ҳамда хар бир идора учун алоҳида ҳужжатлар тўпламини тайёрлаб такдим этишларига тўғри келинар эди. Бу эса муайян даражада ортиқча вақт сарфланишига ҳамда молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келар эди.

“Ягона ойна” ахборот тизими эса давлат божхона хизмати органларида товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

Ушбу тизимнинг ишга туширилишидан давлат органларига мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, турли божхона тўловлари, солиқ ва йиғимларни тўлик ҳисоблаш ва ундириш, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашмасдан туриб, ташқи иқтисодий жараёнларни мониторинги ва таҳлилини олиб бориш имконини беради.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун эса молиявий харажатларни тежаш, қоғозбозлик ва бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишда вақтни тежаш, бу жараёнда мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан холи бўлиш каби қулайликлар яратилган.

Энг муҳими “Ягона ойна” тизими кўмагида хар иккала томон фаолиятида ҳам ўзаро шаффофлик янада ортади.

Тадбир давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар “Ягона ойна” ахборот тизими бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутасаддилари томонидан тегишли жавоб олишди.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири