2017-02-03 16:01:00

“ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК” ТАДБИРКОРЛИККА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТМОҚДА

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда банкнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштироки, бу йўналишда эришилаётган натижалар ва галдаги вазифалар бўйича маълумотлар берилди.

Қайд этилдики, банк аҳоли фаровонлигини ва бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмокда ва бу мақсадларда ажратилаётган кредитлар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига янги йш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмокда.

2016 йил давомида банк томонидан иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкнинг инвестиция жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш борасида ажратилган кредитлар микдори қарийб 2,0 триллион сўмни ташкил этди.

Ўтган йил мобайнида “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 782,6 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Шу даврда аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини ташкил этишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 234,7 миллиард сўмлик микрокредитлар тақдим этилди.

Банкнинг кредит сиёсатида республикамизнинг қишлоқ жойларида сервис хизматларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур мақсадларга ўтган йил давомида 64,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш банкнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Ўтган йил мобайнида касб-ҳунар коллежи битирувчиларига 26,6 миллиард сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар берилди.

Шунингдек, бу даврда хотин-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркор аёллар раҳбарлик қилаётган хўжалик субъектларига 109,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларига, оилавий тадбиркорлар ҳамда касаначиликка 43,9 миллиард сўмлик микрокредитлар берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида банклар бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши шартлигини, улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши кераклиги таъкидланди.

Ана шу вазифадан келиб чиқиб, 2017 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш “Қишлоқ қурилиш банк” фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Банк тизимида мазкур вазифалар ижросини таъминлашга жиддий киришилди. Жумладан, аҳолига кредит беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди. Шу кунларда банк ходимлари томонидан аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилмоқда, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бунда аҳолига чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби 20 дан зиёд йўналишларда тадбиркорлик қилиш учун кредитлар таклиф этилмоқда.

“Қишлоқ қурилиш банк” томонидан 828 нафар ходим аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги ишларни амалга ошириш учун бириктирилган бўлиб, улар томонидан 468 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 160404 та хонадонларга ташриф буюрилган. Шунингдек, 412954 та хонадон эгаларига, агарда уларда тадбиркорлик фаолиятиии амалга ошириш истаги ва тадбиркорлик лойиҳалари бўлса, “Қишлоқ қурилиш банк”нинг ушбу туманда жойлашган филиалига ташриф буюришлари таклиф қилинган хатлар юборилди.

Олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 14 минг нафардан зиёд фуқаро тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. Шундан 3457 нафар фуқарога 35 474,6 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Натижада чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона фаолияти, ҳунармандлик каби соҳаларда 3457 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири