2017-02-06 16:24:00

ДЕПУТАТЛАР УЙМА-УЙ КИРИБ АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТДА БЎЛМОҚДА

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ҳудудларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда.

Жумладан, Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари Даврон Орипов, Элдор Туляков ва Одил Тожиев Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида бўлиб, қатор ташкилот ва идоралар, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди. Тадбиркорлар, ўқитувчилар, ёшлар, пенсионерлар — аҳолининг барча қатлами вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

— Ўтказилаётган мулоқотлар чоғида ҳудудларда иқтисодий инфратузилмани ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, банк, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалалари диққат-эътиборимизда бўлмоқда, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Элдор Туляков. — Халқ банки, “Агробанк” ва бошқа банкларнинг Қуйи Чирчиқ туман филиалларида бўлганимизда, банк хизматини кўрсатиш, аҳолига кредит маблағлари ажратиш, кредит турлари, фоизлари, омонатларни жалб қилиш, нақд пул борасидаги муаммоларни ҳал этишда қандайчоралар кўрилаётгани билан қизиқдик. Ўрганишларимиз давомида туман доирасида ҳал бўладиган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Республика даражасида ечиладиган муаммо ва масалаларни эса ўзимизга белгилаб оляпмиз. Учрашувлар якунида барча ўрганиш натижалари таҳлил қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилади ва назоратга олинади. Бир сўз билан айтганда, биз қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишишимиз, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганишимиз ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини юзма-юз туриб эшитишимиз келгусида парламент назорати ва қонун ижодкорлиги фаолиятимизда долзарб аҳамият касб этади.  

Учрашувлар давомида фракция аъзолари чекка қишлоқлардаги хонадонларга кириб, аҳолининг муаммоларини, фикр-мулоҳаза ва таклифларини, ҳудудга хос масалаларни ўрганмоқда. Кетмонтепа, Гул, Бирлик қишлоқ фуқаролар йиғини, Чақмоқ ва бошқа қишлоқлар аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлинганда, аҳоли томонидан қатор муаммолар айтилди. Жумладан, бандлик масаласи, ички йўллар носоз аҳволда эканлиги, жамоат транспорти мавжуд эмаслиги, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар аҳолига ноқулайлик туғдираётгани баён қилинди. 

Учрашувларда депутатлар ва сенаторлар маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари, идора ва ташкилотлар мутасаддилари билан биргаликда аҳоли томонидан кўтарилган масала ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўришмоқда.

“Туркистон-пресс”