2017-02-06 17:51:00

ТИНЧЛИК БОР ЖОЙДА ТАРАҚҚИЁТ БЎЛАДИ

Бугунги тинч-осойишта, фаровон ва бахтли кунларимиз, ҳар жабҳада эришаётган улкан ютуқларимиз, халқимиз хотиржамлиги, бир сўз билан айтганда гўзал турмушимиз омили ва шукуҳи Миллий армиямизнинг юртимиз сарҳадларини ишончли ҳимоя қилаётганида, хавфсизлигимизнинг мустаҳкам қўрғони эканлигида, аввало ўз аксини топади. Зеро, тинчлик бўлган жойда келажакка ишонч мустаҳкамланади, бу ишонч кишиларни тараққиёт сари ундайди. Бу йил Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Ўтган давр ичида Миллий армиямиз тубдан ислоҳ қилинди. Соҳага доир ислоҳотлар ҳақида мустақиллигимизнинг илк йилларидан ўз ҳаётини ҳарбийлик касби билан боғлаган Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, полковник Шуҳрат ЮСУПОВ “Туркистон-пресс” мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Ҳар бир давлатнинг тинч ва осойишта бўлишининг биринчи кафолати — бу, унинг Қуролли Кучларидир. Бизнинг сон жиҳатдан ихчам, пухта қуролланган, проффессионал қудратга эга армиямиз бор. Миллий армиямиз чорак асрлик шонли йўлни босиб ўтди.  Бу қисқа давр ичида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тубдан шаклланди, — дейди суҳбатдошимиз. — Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан бўлган учрашувда ўз аксини топди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройига ташриф буюриб, ҳарбий соҳа вакилларини, халқимизни қутлагани, бизга бағишлаб нутқ сўзлагани барча ҳарбий хизматчиларда ғурур-ифтихор уйғотди, касбимизнинг нақадар шарафли эканидан фахрландик.Шу билан бирга, ушбу йиғилишда 2017-2021 йилларда Қуролли Кучлар тизимида, ҳарбий қудратимизни янада юксалтириш борасидаги мудофаа қобилиятимизни ошириш, миллий хавфсизлик, умуман, ҳарбий соҳага оид олдимизда турган долзарб вазифаларни қамраб олган Ҳаракатлар стратегиясини белгилаб бергани билан ҳам алоҳида аҳамиятли бўлди.

Давлатимиз раҳбари ушбу вазифаларни белгилаш жараёнида Миллий армиямиз барпо этилиш тарихига тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати, узоқни кўра олиш қобилиятини алоҳида эътироф этиб, 1992 йил 14 январь куни мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тасарруфига ўтказилгани ва ўша машаққатли йилларда “Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади”, деган юксак ишончи бугун ўз исботини топиб, Қуролли Кучларимиз барпо этилгани, ҳақиқатан ҳам, 25 йил давомида мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир Миллий армия барпо этилганини ғурур ва ифтихор билан айтишга барча асосларимиз борлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги улар сонининг ҳатто бир фоизини ҳам ташкил этмаган, яъни атиги 0,6 фоиз кўрсаткичда бўлган. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида бор-йўғи учта мутахассислик бўйича амалга оширилган.

Мустақилликнинг илк йилларида бошқа соҳалар қатори мудофаа соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Ўз вақтида амалга оширилган эзгу ислоҳотлар натижасида 0,6 фоиз кўрсаткич бугун 100 фоизга кўтарилиб, мамлакатимизда мавжуд 6 олий ҳарбий таълим муассасаси, сержантлар тайёрлаш мактаби Қуролли Кучларимизни малакали офицер кадрлар ва уларнинг энг яқин ёрдамчиси бўлган сержантлар билан таъминлаб бермоқда. Касаб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига муносиб ўқувчи-ёшларни тайёрлаб беришдаги ҳиссаси катта бўлмоқда. Олий таълим муассасаларида 47 йўналишда захирадаги офицер кадрлар тайёрланмоқда.

 Шунингдек, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси тизимидаги ҳарбий таълим муассасаларида етишиб чиқаётган кадрлар ҳарбий соҳани тўла ва узлуксиз таъминлай олиш даражасига етди.

Маърузада таъкидланганидек, мамлакатимизда юқори қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича зарур вазифалар самарали ҳал этилаётгани, бу борада 1995 йилда ташкил этилган Қуролли Кучлар академияси ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётгани, шу билан бир қаторда, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётгани, 2001 йилда халқаро стандартлар асосида ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 йўналиш ва мутахассислик бўйича олиб борилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари эндиликда олдимизда турган вазифаларни еттита йўналиш бўйича аниқ белгилаб берди.

Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги, бунда ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучларини оптималлаштириш долзарб вазифа эканлиги айтиб ўтилди. Яъни, уларни қисқа муддатда ташкилий тузилиши ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш масаласига эътиборни қаратди.

Қўшинларни тайёрлаш, тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам ғоят долзарб вазифаси сифатида белгиланди.

Шунингдек, профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлишини таъкидлади. Бунда Тошкент олий умумқўшин билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини давом эттириш, ҳозирги мавжуд академияни кейинги ривожлантириш босқичи белгиланди. Мавжуд тайёрлаш тизими талабга жавоб беради, лекин замон шиддат билан ривожланмоқда, шундай экан замонга қараб ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан кўриб чиқишимиз, уни янада юқори босқичга кўтаришимиз лозим. Бу эса ўқув муассасаларимизни замонавий тарзда жиҳозлаш, ўқув базасини, ўқитиш услубларини янгилаш, танлаб олиш тизимини янада оптималлаштириш, юқори салоҳиятга эга бўлган ёшларни саралаб ўқитиш масаласини янада такомиллаштиришни талаб этади.

Қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш тўғрисда 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар ишлаб чиқилиши, бунда ҳарбий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларни сотиб олиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ҳарбий саноатни ишга тушириш вақти етиб келганини Юртбошимиз алоҳида таъкидлаб ўтди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуролли Кучлар академиясининг ташкил этилгани, Сержантлар тайёрлаш мактаблари очилгани, ҳарбий округларнинг ташкил этилгани Миллий армиямизни янги босқичга кўтарган бўлса, ҳарбий саноатни янада муваффақиятли ишга туширсак, бу мудофаа қобилиятимизни тўлақонли амалга ошириш имкониятини яратади.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли амалга оширилиб келинаётган ишлар янада изчил давом эттирилиши белгиланди.

Ҳарбий хизматчи сифатида давлатимизнинг бу борада қилаётган ғамхўрлиги бизни беҳад қувонтиради. Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ота-боболаримизга, ўзимизга муносиб ворис сифатида вояга етказиш масаласи беш йиллик Ҳаракатлар стратегиясидан алоҳида ўрин эгаллаган. Бунда биз ҳарбийларнинг фаол бўлишимиз айниқса, муҳимдир. Ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга куч-қудратимиз, шароит ва имкониятимиз етарли. Энг асосийси, юртимизнинг тинч-осойишталигини сақлаш, унинг мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифамиз саналади. Биз бунга доимо тайёрмиз, белгиланган вазифаларни чин юракдан бажаришга киришамиз. Тинчлик бор жойда барча жабҳаларда ривожланиш, тараққиёт бўлади.

“Туркистон-пресс” мухбири

Баҳриддин ХУШБОҚОВ ёзиб олди