2013-07-30 19:45:00

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

“Соғлом авлод учун” халқаро жамғармаси томонидан пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур туман “Жарариқ” маҳалласида “Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом она — соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз борди.

Юртимизда “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида жадал суръатларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро жамғармаси тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари республикамиз миқёсида маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш мавзуларида тиббий маслаҳатлар бериб келмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги Тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари шифокорлари ҳамда жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассислари билан ҳамкорликда кам таъминланган оилаларни ва ногиронларни тиббий-ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган. Ўз ўрнида уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида тиббий-ижтимоий  патронаж  бригадалари томонидан 87 893 қути ва 295 003 дона дори-дармонлар, 50 747 дона санитария ва гигиена воситалари ҳамда 8 144 дона кийим-кечаклар, 384 кг озиқ-овқат, 6 дона ногиронлик аравачаси хайрия ёрдами сифатида тарқатилган.

“Туркистон пресс”