2017-02-09 14:34:00

АЛЛОМАЛАР ИЖОДИ — ЎҚУВЧИЛАР НИГОҲИДА

Мамлакатимизда ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг ўлмас мероси, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг бу борадаги билимини бойитиш ва рағбатлантириш мақсадида кўрик-танловлар, маънавий-маърифий кечалар ўтказилмоқда, хусусан,  Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини кенг ва атрофлича ўрганиш, уларнинг асарларида улуғланган ғоялар мазмунини халқимиз, айниқса, ёшлар онгига етказиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати билан умумтаълим мактабларида “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” ойлиги ўтказилмоқда.

Таълим муассасаларида буюк бобокалонларимиз ижодий меросига бағишланган адабий кечалар, маънавият соатлари, маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. “Буюк аждодларни ёд этиб...” мавзусида адабиёт, шеърият байрамлари, мушоиралар ўтказилмоқда. Ёзувчи ва шоирлар, маънавият ва адабиёт фидоийлари иштирокидаги ушбу тадбирларда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолияти, ижодий меросининг аҳамияти кенг тушунтирилмоқда.

Шунингдек, ойлик давомида умумтаълим мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида “Навоий ва Бобур асарларида халқ манфаатлари, инсонпарварлик ғояларининг тараннум этилиши” мавзусида тақдимотлар,  ўқувчилар ўртасида “Биз Навоий ва Бобур ижодини қанчалик биламиз”, “Навоий ва Бобур асарлари ўқувчилар нигоҳида”, “Бир ғазал таҳлили” мавзусида билимдонлар беллашувлари, юқори синф ўқувчилари ўртасида  “Навоий асарларидан олган таассуротларим”, “Навоий лирикаси шайдосиман”, “Фарҳод мен севган қаҳрамон”, “Бобурномани ўқиб...”,  “Бобур рубоийларидан олган таассуротларим” каби мавзуларида ижодий иншолар танлови ўтказилмоқда.   
Ойлик доирасида Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишига асосан мактабларда китоб кўргазмалари ташкил қилиниб, таниқли ёзувчилар, ёш ижодкорлар ва ўқувчи-ёшлар иштирокида  адабий-бадиий кечалар ўтказиляпти.

“Туркистон-пресс”