2017-02-10 14:49:00

“САМАРҚАНД САЙҚАЛИ” ВИЛОЯТ ТЕАТРИ САҲНАСИДА

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб Самарқанд сайқалиасари асосида саҳналаштирилган шу номдаги тарихий драманинг жамоатчилик кўриги бўлиб ўтди.

Саҳна асарида Алишер Навоийнинг Самарқандда кечган ҳаёти орқали шоирнинг инсон камолоти, туркий тилнинг жозибасини кўрсатиш, инсонлар қалбида эзгулик туйғусини кучайтириш, одамларни камолотга, маърифатли бўлишга чорлаш йўлидаги улкан хизматлари ҳақида ҳикоя қилинади.

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, спектаклнинг жамоатчилик кўригида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев, ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил, “Театр” журнали муҳаррири Азизбек Турдиев актёрлар ижроси, декорациялар, мусиқа, саҳна нутқи, саҳна либослари бўйича ютуқ ва камчиликларга тўхталиб ўтдилар.

— Пьеса матбуотда чоп этилгандан сўнг қўлма-қўл ўқилиб, илиқ фикрлар билдирилган эди, — дейди навоийшунос олим Олимжон Давлатов. — Асарнинг саҳнадаги талқинига томошабиннинг Навоий шахсини чуқурроқ ўрганиш, буюк мутафаккирнинг Самарқандда кечган ҳаёти, кўнгил кечинмалари, ўша давр муҳити билан яқиндан танишишига хизмат қилувчи бир асар, дея баҳо бериш мумкин.

Спектаклда ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Баҳрулло Раҳимов, Солижон Ҳакимов, ёш актёрлар Фарид Расулов, Умида Рўзибоева, Хуршид Баратов, Абдулазиз Тоштемиров ижро этишган. Асарни режиссёр Жўрабек Рўзметов саҳналаштирган. 

“Туркистон-пресс”