2017-02-13 13:33:00

ТОШКЕНТНИНГ ГАСТРОНОМИК ХАРИТАСИ ТУЗИЛАДИ

9 февраль куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ошпазлар ассоциацияси вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида Тошкентнинг гастрономик харитасини шакллантириш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Газета.uz”  сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистонда гастрономик харитани ишлаб чиқиш ва ривожлантириш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабрдаги мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш тўғрисидаги фармонида белгиланган эди.

Туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, гастрономик харитани тузишда энг асосий вазифа гастрономик туризмни ривожлантириш, ўз таомлари, хизмат кўрсатиш даражаси, санитар-гигиеник ҳолати ва пазандалик санъатининг у ёки бу йўналишининг бошқа кўрсаткичларини муносиб намойиш этаётган умумий овқатланиш корхоналарини аниқлаш ҳамда хизмат кўрсатиш даражасини оширишдан иборат.

Харитага халқ томонидан берилган овозларда яхшироқ фоизларни қўлга киритган, туризм ва пазандалик санъати мутахассислари иштирокидаги текширувлардан муваффақиятли ўтган муассасалар киритилади.

Шу тариқа гастрономик харита сайёҳларга кўмак бериб, умумий овқатланиш корхоналарининг хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ундайди.

“Туркистон-пресс”