2017-02-13 14:24:00

ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗ БУЮК БРИТАНИЯДА МАЛАКА ОШИРДИ

Мамлакатимизда ўтказилган “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси-2016” кўрик-танловининг республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган 42 нафар мактаб ўқитувчилари жорий  йилнинг 20 январь — 3 февраль кунлари Буюк Британиянинг Глазго Каледониан (Glasgow Caledonian University, Scotland) университетида хизмат сафарида бўлишди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидлаш лозимки, мазкур университет дунёдаги нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлиб, у ерга дунёнинг барча бурчакларидан малака ошириш курсларига тингловчилар ташриф буюришади.

Университетнинг тажрибали мутахассислари ва профессорлари томонидан ўқитувчиларимизга дарс жараёнидаги тил терминлари, талаффуз устида ишлаш, чет тилини ўргатишда аутентик материаллардан фойдаланиш, лексик бирликлар билан ишлаш технологиялари, ўқувчиларда ижодкорликни ва тил ўрганишда ҳикоя ва шеърларнинг аҳамияти, дарсни режалаштириш ва баҳолаш, чет тилини ўрганишда тест синовларининг аҳамияти ва дарс ўтишнинг бошқа самарали усуллари ҳақида маълумот беришди.

Тажриба алмашиш жараёнида CEFR (Чет тилини эгаллашнинг Умумевропа талаблари) юзасидан маълумотлар берилди, унинг Ўзбекистонда жорий этилиш аҳволи юзасидан фикр алмашилди. Дарс ўтишнинг турли усулларини, жумладан, кичик гуруҳларда ишлаш, ўқитишнинг коммуникацион методларидан фойдаланиш, муаммоли вазиятларда чет тилида мулоқотга киришиш усуллари иборалар ва  ролли ўйинлар орқали ўргатилди. Ҳар бир машғулотда ўқитувчилар мавзу юзасидан у ёки бу материлларни Ўзбекистондаги ҳолат билан солиштириш имкониятига эга бўлдилар.

Хизмат сафари давомида ўзбекистонлик инглиз  тили ўқитувчилари Глазго шаҳрида жойлашган Глазго академияси ва мактабларга ташриф буюришиб, у ерда “Ўзбекистоннинг маданияти  ва урф-одатлари”, “Таълим тизими” каби мавзуларда тақдимотлар ўтказдилар.

Ўқувлар якунида ўзбeкистoнлик ўқитувчилaрга хорижий университет ўқитувчилари олдида инглиз тилидаги тақдимотларини муваффақиятли ҳимоя қилишгани учун “ACHIEVEMENT СERTIFICATE” сертификатлар топширилди. Мазкур сертификатлар ўтган йилги ва бошқа сертификатлардан фарқли равишда халқаро тренерлик қилиш ваколатини беради.

Шунингдек, ўқитувчиларимиз томонидан Ўзбекистонда 25 йилда эришилган ютуқлар, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва айниқса,чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш йўналишида олиб борилаётган ўзгаришлар хусусида кенг маълумотлар берилди ва университет халқаро бўлимида алоҳида бурчак ташкил этилиб у ерга Ўзбекистон байроғи ва эсдалик совғалари жойлаштирилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”