2017-02-16 18:48:00

СУРХОН ВОҲАСИ ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧИДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Айни кунларда Юртбошимизнинг бу ташрифи воҳа халқини янада руҳлантириб, уларни янги марралар сари чорламоқда.

Давлатимиз раҳбари Сурхондарёга ташрифи давомида ўзининг сайлов­олди дастурида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

— Президентимизни воҳа халқи катта хурсандчилик, зўр миннатдорлик ва эзгу орзу-умидлар билан кутиб олди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Даврон Тангиров. — Маълумки, қадимдан Сурхондарё саховатли замини, мард ва танти, меҳнаткаш, бағрикенг одамлари билан машҳур. Воҳа мустақил тараққиёт йилларида тобора гуллаб-яшнамоқда. Вилоятда кенг кўламли амалга оширилаётган фаровонлик ишлари аҳоли манфаатларига хизмат қилиб, уларнинг бахтли ҳаёт кечиришида муҳим омил бўлмоқда. Бу жиҳатлар вилоят иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсгани, тадбиркорлар сони ошгани, замонавий иншоотлар ва уй-жойларнинг барпо этилаётгани, аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, турмуш шароити кун сайин яхшиланиб бораётганида ҳам ўз аксини топмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг бу ташрифи вилоятни барча соҳаларда ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради. Зеро, ташриф чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятнинг туман ва шаҳарларида бўлиб, кичик бизнес субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, истиқболли лойиҳалар, янги уй-жойлар, ободонлик ишлари билан яқиндан танишганида, аҳоли билан учрашувларда ҳу­дудни янада жадал ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар бериб, тегишли фикрларини билдирди. Албатта, бу борадаги кенг кўламли ишларни амалга оширишда барчамиз бирдек масъулмиз. Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашувида сўзлаган нутқи ҳам биз— депутатларнинг зиммасига янги вазифалар юклайди. Шу мақсадда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни тўлиқ ўрганиш муҳим аҳа­мият касб этади. Ишонамизки, бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.  

Таъкидлаш жоизки, воҳада, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда иш билан банд аҳолининг 80 фоиздан ортиғи шу соҳада хизмат қилади. Бу эса оилалар ободлиги ва фаровонлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Президентимиз дастлаб “Gold Agro Fresh” агрофирмасини бориб кўрди. Сурхондарё ўзининг сер­қуёш, ноёб табиати, ҳо­силдор тупроғи билан ҳам ажралиб туради. Шу боис ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари табиий хуштаъмлиги, экологик тоза ва шифобахшлиги билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир.

Шу кунларда мамлакатимиз бозорларининг тўкин-сочинлиги, сархил меваларга бойлигида сурхондарёлик деҳқонларнинг ҳиссаси катта. Хусусан, воҳа деҳқонлари юртимизда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг ўн фоиздан ортиқроғини етказиб беради. Шунга қарамай бу борада ҳудудда ҳали фойдаланилмай келаётган имкониятлар ҳам мавжуд. Масалан, кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида, фақат воҳа иқлимигагина хос қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ор­қали экспорт қилиш имконияти ҳам кенгаймоқда.

“Gold Agro Fresh” агрофирмаси айнан ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган лойиҳа сифатида истиқболлидир.

— Корхонамиз бир йилда 56 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга мўлжалланган, — дейди агрофирма раҳбари Фарҳод Шеров. — Шу кунларда 20 гектардан иборат 15 блокдаги иссиқхоналарда помидор етиштирилмоқда, 434 гектардан иборат очиқ ер майдонига гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпиз экилган. Яқин кунларда 70 блокнинг барчаси ишга тушиши билан иссиқхоналаримизнинг умумий майдони 100 гектардан ошади ва яна мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Агрофирма жамоасининг келажакдаги режалари улкан. Улар келгусида 450 гектарга яқин ерда мавсумий экинлар экиб, маҳсулотларни экспорт қилиш, яна 2000 дан зиёд янги иш ўринлари яратишни кўзламоқда. Албатта, Сурхон воҳасининг саховатли замини бу каби истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга жуда қулай.

Президентимиз мазкур агрофирма фаолияти билан танишар экан, келгусида бу ишларни янада ривожлантириш, хусусан, лимон ва анор етиштиришни йўлга қўйиш орқали маҳсулот турларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Табиийки, бу каби саъй-ҳаракатлар корхона ишчиларининг даромадини янада оширишга хизмат қилади.

— Давлатимиз раҳбарининг комплексимизга ташрифи ғоят самарали бўлди, — дейди Қизириқ туманидаги икки минг бош қорамол боқишга мўлжаллаб барпо этилаётган замонавий чорва комплекси раҳбари Санжар Абдураҳимов. — 762 гектар майдонда бунёд этилаётган чорва комплексимизда йилига тўрт минг тонна сут, икки юз тонна гўшт етиштиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун Халқ банкининг Термиз шаҳар филиалидан 11,5 миллиард сўм кредит олаяпмиз. Иқлимга мослашувчан қорамолларни эса Австриядан келтиришни режалаштирганмиз. Шу тариқа бу ерда 100 дан ортиқ янги иш ўринлари пайдо бўлади. Бу эса, албатта, аҳоли даромадларининг янада ортишига омил бўлади.  Шуни фахр билан айтамизки, Юртбошимиз комп­лексимизда амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, чорвачилик комплекслари билан биргаликда агрофирмалар ҳам ташкил этиб, сут ва гўштни қайта ишлаш юзасидан билдирган фикрлари, аниқ кўрсатмалари бизнинг келгусидаги фао­лиятимизда муҳим дастуриламал бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи доирасида бир қатор саноат ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, янги уй-жойлар, аҳоли  хонадонлари, тиббиёт ва маънавият масканларини бориб кўр­ди. Сурхон воҳасини янада ривожлантириш юзасидан зарур тавсия ва кўр­сатмалар берди.

— Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи кўнглимизни тоғдек кўтарди, — дейди Шўрчи туманидаги “Эгарчи” маҳалласида истиқомат қилаётган 77 ёшли Туроб бобо Оллаёров. — Айниқса, Президентимизнинг тадбиркорлар, фермер ва деҳқонлар билан учрашуви барчамизда зўр қизиқиш уйғотди. Вилоятга инвесторларни жалб қилиш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, томорқалардан унумли фойдаланиш каби йўналишлар юзасидан билдирган фикрлари халқимизга жуда маъқул бўлди. Қишлоқ аҳолисини, ёш­ларни иш билан таъминлаш мақсадида уларни тадбиркорликка жалб этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш лозимлиги ҳақида билдирилган тавсиялар ҳам айни муддао. Сурхон воҳасини яқин йиллар ичида ўлкамизнинг энг ривожланган ҳудудига айлантирамиз, деган гаплари барча қатори нуронийлар учун ҳам қувончли бўлди. Ўрни келганда айтиш керакки, Президентимиз биз — кек­саларга қаратаётган алоҳида эътибори қалбимизни доимо яшартириб туради. Яқиндагина Юртбошимизнинг “Нуроний” жамғармаси фаолиятини, маҳалла институтини такомиллаштириш мақсадида қабул қилган фармонлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга қаратилган қарори юртимизнинг барча фахрийларини беҳад тўлқинлантириб юборди. Маълумки, Эгарчи маҳалламиз отга мўлжалланган эгарлари билан нафақат республикамизда,  балки қўшни мамлакатларда ҳам маълуму машҳур. Бугунги кунда маҳалламизнинг моҳир усталари ясаган эгарларга Марказий Осиё давлатлари чавандозлари ҳам ишқибоз. Шу ҳунар орқали кўплаб оилалар ўз даромадини оширмоқда. Тадбиркорларга қаратилаётган юксак эътибор эса уларни янги-янги ютуқларни қўлга киритишга ундайди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи воҳанинг меҳнатсевар халқини янада юксак марралар сари чорлаб, келгусидаги фаолиятларида янада илҳом бағишлаши шубҳасиз.

 

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири