2017-02-16 19:29:00

ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР БЎЛСИН

Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича фаолият юритаётган маслаҳат марказлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, молия муассасалари томонидан тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида микрокредитларнинг ажратилиши ҳам соҳа ривожига хизмат қилмоқда. “Микрокредитбанк” АТБ фаолияти давомида барқарор ва ишончли молиявий ташкилот сифатида юртдошларимизнинг ишончини қозониб, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий турмуши барқарорлигининг мустаҳкам негизига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2006 йил 5 майдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида иш бошлаган банкимиз ўз фаолия­тини биринчи навбатда юртимизнинг чекка  туманлари, олис қишлоқ ва овуллари аҳолисини барча турдаги банк хизматлари билан қўллаб-қувватлашга қаратди. Натижада банк ўзининг барча турдаги хизматлари билан республикамизнинг энг олис ҳудудларигача кириб борди. Бугунга кунда банкнинг 85 филиали ва 110 та минибанки орқали 400 мингдан ортиқ хўжалик субъектлари ҳамда жисмоний шахсларга кенг кўламдаги банк хизматларини кўрсатмоқда. Бу даврда банкнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларининг ўсиши молия-банк секторини ривожлантириш индикаторларини баҳолаш мезонларига кўра юқори баҳоланди. Қолаверса, “Фитч Рейтингс” агентлиги 2016 йилнинг ноябрь ойида “Микрокредитбанк” АТБнинг кредитга лаё­қатлилик рейтингини “В+” “Барқарор” ҳисоблади.

Банк томонидан 2016 йил давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 1,1 триллион сўм кредит ажратилди. Шундан кўрсатилган микромолиявий хизматлар 437,6 миллиард сўмни ташкил этди. Ўтган ҳисобот йилида оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъектларига 78,5 миллиард сўмлик, ўзининг тадбиркорлик фаолия­тини йўлга қўймоқчи бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 66,6 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишчиларининг камида 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этадиган субъектларга 117,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.

Экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, модернизациялаш ҳамда техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, инвестицион ло­йиҳаларни молиялаштириш мақсадида ўтган йил давомида 447,9 миллиард сўм миқдорида инвестицион кредитлар, тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш, сервис соҳасини ривожлантириш учун 154,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Ёш оилаларни ҳар томонлама молиявий қўллаб-қувватлаш, уй-жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш, уй-рўзғор буюмларини харид қилиш ҳамда уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида 2016 йил давомида 53,8 миллиард сўм миқдорида имтиёзли ипотека, истеъмол ҳамда микрокредитлари берилди.

Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ажратилган кредитлар 135,6 миллиард, озиқ-ов­қат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорни тўлдиришга ажратилган кредитлар миқдори 171,2 миллиард сўмни ташкил этди. Шунингдек, “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” дастурлари ижросини таъминлаш доирасида жами 3148 та лойиҳага 133,2 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.  Ўтган йилда мавжуд корхоналарга кредит ажратиш ва ташкилий кўмаклашиш орқали иш ўринларини яратиш дастури ижросини таъминлашга банк томонидан ажратилган барча кредитлар эвазига 39955 та иш ўринлари яратилди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани муносабати билан “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” дастури доирасида банкимиз томонидан 428 та аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган 706700 та хонадон эгаларини тадбиркорликка жалб килиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар банк ходимлари 305 мингта хонадон эгалари билан суҳбат ўтказди. Уларнинг 39,5 мингтаси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирди. Шунингдек, банк томонидан тадбиркорлик қи­лиш таклифи билан 674 минг хонадонга хатлар юборилди. Натижада ўз тадбиркорлигини амалга оширишда кредит маблағларига эҳтиёжи мавжуд бўлган 5876 та фуқарога 43,4 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 6 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилди.

Жорий йилда банкимиз томонидан 140 минг хонадонга “Мақсадимиз — ҳар бир оила тадбиркор бўлсин” шиори остида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун 570 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган. Бу борада 2017 йилда банкимиз томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бунда банкимиз асосий эътиборни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан банк иқтисодий кўрсаткичлари, хусусан, капитал, депозит ва аҳоли омонатлари, кичик бизнес субъектларини кредитлаш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг белгиланган йиллик ўсиш параметрларини таъминлашга қаратади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 2017 йил давомида 1,3 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратиш, 520 миллиард сўм миқдорида микромолиявий хизматлар кўрсатиш, касб-хунар коллежи битирувчиларига 75 миллиард сўм, тадбиркор аёлларга 140,4 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш учун 160,6 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ажратиш режалаштирилган.

Алишер СУЮМОВ,

“Микрокредитбанк” АТБ

Жисмоний шахсларни кредитлаш

департаменти директори

(“Туркистон-пресс”).