2017-02-17 13:13:00

ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК НАМОЙИШИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри жамоаси ижодий сафар билан Фарғона вилоятида бўлди. 

Театр жамоаси вилоятда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишди. Фарғона шаҳридаги диққатга сазовор жойлар, сув спорти саройи, “Истиқлол” стадиони каби янги барпо этилган иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Фарғона санъат коллежида бўлиб ўтган учрашув самимий мулоқотга бой бўлди. Мазкур санъат масканида таҳсил олаётган 495 йигит-қиз 7 йўналишда миллий ва жаҳон санъатини ўрганмоқда. Коллеж ўқувчилари орасида мамлакатимиз ва халқаро танловларда совриндор бўлганлар бор. Театр ижодий жамоаси репертуаридан жой олган саҳна асарлари, келгусидаги ижодий режалар ҳақида ёшларга маълумот берилди. Дўстлик, тинчлик, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. 

— Мазкур ижодий сафар бизга унутилмас лаҳзаларни бахш этди, — дейди Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри директори ўринбосари Идрис Айитбаев. — Фарғона вилоятидаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳавасимизни уйғотди. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик самарасидир. Ижодий жамоамиз намойиш этган спектаклни мухлислар катта хурсандчилик билан кутиб олганидан мамнунмиз. Бундай учрашувлар ижодкорларга илҳом бағишлайди. 

Фарғона вилоятида қирғиз миллий маданий маркази самарали фаолият кўрсатмоқда. Унинг қошида ташкил этилган “Сулув қиз” ансамбли миллий урф-одат ва қадриятларни кенг тарғиб этиб келаётир. 

Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида Ўш театр жамоасининг Жалил Сиддиқов асари асосида саҳналаштирилган “Айкўл Манас” спектакли намойиш этилди. 

Набижон Мамажонов томонидан саҳналаштирилган мазкур спектакль актёрларнинг моҳирона ижроси, декорациянинг тарихий манбалар асосида яратилгани, мусиқанинг воқеликка уйғунлашуви билан томошабинлар олқишини қозонди. Манас образини яратган Акмалхон Арслонхонов унинг ички дунёси, фалсафий қарашлари, ботирлиги каби фазилатларини маромига етказиб ижро этган. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.Разаков иштирок этди. 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА