2017-02-17 16:18:00

МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ ЮКСАК МАҚСАДЛАР САРИ ЧОРЛАБ ТУРАДИ

Маълумки, юртимизнинг бой тарихи ҳақида жонли тасаввур уйғотиш, аждодларимиз яратган маънавий, маданий ва илмий меросни қайта тиклаш, тарғиб қилиш ҳамда халқимизнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини кўрсатишда музейларнинг ўрни беқиёс. Бу каби қатор вазифаларни бажариб келаётган масканлардан бири Алишер Навоий номидаги адабиёт музейидир.

— Музейимиз ўзбек адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ халқимизнинг кўп асрлик бой адабий меросини жамлаш, уни муҳофаза қилиш билан бир қаторда ушбу ноёб бойлигимизни тад­қиқ этиб, юртдошларимиз ҳамда хорижлик меҳмонларга намойиш қилишни мақсад қилган, — дейди музей илмий ходими Озодбек Алимов. — Шунингдек, хал­қимиз орасида, хорижда сақланаётган адабиётимиз тарихини ёритувчи қўлёзма, тошбосма асарларни излаш, шоир ҳамда ёзувчиларнинг архивини тўплаш, уларни каталоглаштириш ноёб нусхаларини чоп этиб, илмий муомалага киритиш каби вазифаларни ҳам ўз олдига қўйган. Бу ишларни амалга ошириш орқали маданий-маърифий ва илмий бойлигимиз дурдоналарини хал­қимизга етказиш, бунда аждодларнинг авлодларга қолдирган бебаҳо меросини ёшларга кўрсатиш йўли билан ўзликни англашга, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш ҳамда бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Музей тўрт қаватдан иборат бўлиб, музей экспозицияси, умумий фонд, қўлёзмалар хазинаси ҳамда ёзувчи ва шоирларнинг бой архивини ташкил этади. Айни пайтда музей экспозицияси ва умумий фондида 325 та портрет, 305 та график асар, 225 та сопол идиш, 120 та миниатюра, 145 та амалий санъат намуналари, 43 та ҳайкалтарошликка оид буюмлар, 62 та археологик ёдгорликлар, 28 та кинолента, 1200 та фото, 2508 та китоб ҳамда 827 та турли экспонатлар сақланади. Музей фондидаги қўлёзмалар сони эса 3000 жилд­га яқинлашди. Улар ичида 762 та қўлёзма, 993 та босма китоб, 288 та фотонусхалар ва 512 та негативлардан иборат.

Музейнинг XV-XX аср адабиё­ти тарихини намойиш этувчи бой экспозицияси яратилган. Бу ерга келган томошабинлар адабий меросимизнинг ноёб дурдоналари билан танишиш билан бирга кўргазма залларида намойишга қўйилган Марказий Осиё маданияти ва санъатини акс эттирган 1700 дан ортиқ тасвирий ва ўймакорлик асарлари, портретлар, ноёб археологик ёдгорликлар, халқ амалий санъати намуналарини ҳам кў­риш имконига эга бўладилар.

Адабиёт музейи илмий-ташкилий фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида қатор хорижий мамлакатлар музей ва кутубхоналари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган. Музей олимлари турли халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуман ва тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда. Музей Хал­қаро музейлар кенгаши — ИКОМ ташкилоти аъзоси ҳисобланади. Сўнгги йилларда музей ходимлари  Япония, Туркияда ўтказилган илмий анжуман ҳамда кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этиб қайтди. Шунингдек, музей Париж миллий кутубхонаси, Ҳиндистондаги “Худобахш”, Эрон миллий мажлис кутубхонаси, Туркиядаги кутубхона ва музейлар билан китоблар айир­бошлашни йўлга қўйган.

Музейда қўлёзмалар билан бирга эски босма китоблар фонди ҳам мунтазам фаолият юритиб келмоқда. Бу фондда мингдан ортиқ номдаги қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд бўлиб, улар орасида ўзбек классик шоирларининг қадимий асарлари ҳам муносиб ўрин эгаллаган.

Мазкур музейда 65 минг ҳужжатни ўз ичига олган XIX асрдан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраган Ўзбекистон ёзувчилари архиви ҳам ишлаб турибди. Қўлёзмалар фонди ва ёзувчилар архивида сақланаётган ҳужжатлар музей илмий фаолия­тининг асосини ташкил этади. Бу манбалар устида 1 академик, 4 фан доктори, 4 фан номзоди, 6 илмий ходим мунтазам равишда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Музейда кўргазмалар яратиш, стационар экспозицияни доимий янгилаб бориш, маънавий-маърифий тарғибот билан бир қаторда адабиётшунослик ва музейшунослик муаммоларига бағишланган илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири