2017-02-17 16:25:00

ТОШКЕНТДА ГИДЛАР ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТАДИ

Маълумки, 21 февраль бутун дунёда гидлар — йўлбошловчилар куни сифатида нишонланади. Шу сана муносабат билан ушбу касб мутахассисларининг касб байрами куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси қошидаги Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази томонидан 1-Гидлар форуми ташкил этилмоқда. 

Мазкур форум сайёҳлик гидлари фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этиш ҳамда мамлакатимизда саёҳатларни ташкил этиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган стратегик дастур ва ечимлар ҳақида очиқ мулоқот қилиш мақсадида бўлиб ўтади.

Форумнинг асосий вазифаси  туризм соҳасининг турли тармоқларида фаолият олиб бораётган мутахассислар, туризм билан бевосита алоқадор соҳалар билан яқиндан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун мустахкам асос яратишдан иборат.

Форум дастуридан мамлакатимиз туризм соҳаси ривожланиши ва истиқболдаги режалар, туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика марказининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режалари, гид-таржимонлар малакасини ошириш, ходимларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, “Ўзбекистон Республикаси Гидлар ассоциацияси”ни ташкил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Гид-таржимонлари Кодексини қабул қилиш каби масалалар ўрин олган.

Ушбу форумда республикамиз бўйлаб фаолият олиб бораётган 70 дан зиёд гид-таржимонлар билан бир қаторда сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакилларнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

 

“Туркистон-пресс”