2017-02-17 17:05:00

ЖИЗЗАХДА НАМУНАЛИ МИЛИЦИЯ ТАЯНЧ ПУНКТЛАРИ ИНСПЕКТОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Жиззахда “Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим ўтказилди.

Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган милиция таянч пунктлари профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички ишлар идораларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Бунда тизимнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳаллалардаги милиция таянч пунктларининг муносиб ўрни бор.

Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида 198 та профлактика инспектори, 145 та милиция таянч пункти мавжуд бўлиб, шундан 139 таси, яъни 99 фоизи ўзини-ўзи бошқариш органлари билан бир бинода жойлашган, 141 тасининг атрофида болалар учун спорт майдончалари, тўгараклар ва кичик бизнес шахобчалари ташкил этилган. Профилактика инспекторларининг маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, посбон ва фуқаролар йиғини комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб борётгани ҳудудларда осойишталикни таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Танлов ғолибларини аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловда “Энг маҳоратли профилактика инспектори”, “Ёш авлод ҳимоячиси”, “Фидойи маҳалла посбони”, “Маърифатпарвар маслаҳатчи” каби 14 номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Тадбир доирасида ёш тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, ёш рассомлар кўргазмалари намойиш этилди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири