2017-02-17 17:07:00

ҲАРБИЙ ХИЗМАТДАН ҚАЙТГАН ЙИГИТЛАР ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган йигитлар бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Фарғона политехника институтида бўлиб ўтган меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 124 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Унда Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Тошлоқ ҳамда Фарғона туманларида яшовчи ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган 450 нафар ёшлар иштирок этди.

Тақдимотда бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган йирик корхона-ташкилотлар, муассасалар мавжуд иш ўринлари, ишга кирувчиларга қўйиладиган талаблар, ойлик иш ҳақи миқдори ҳақида маълумот беришди. Ёшлар иш берувчилар билан савол-жавоб қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Ярмарка давомида ёшларнинг 76 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Ярмаркада аҳолининг иш билан банд бўлмаган бошқа вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзларига муносиб иш ўринлари ҳақида маълумот олишди. Ҳозирда турли корхона ва ташкилотларда ишлаш истагини билдирган 80 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

“Туркистон-пресс”