2017-02-17 17:19:00

ВАТАН ҲИМОЯСИ — ОЛИЙ БУРЧ

Бугун мустақил Ватанимиз сарҳадларини ишончли ҳимоя қилишга қодир, тинчлик ва осойишталик каби бебаҳо неъматимизни асраб-авайлайдиган профессионал армиямизга эгамиз. Унда ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом, ўзига ишонган ўғлонлар хизмат қилаяпти.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ватан ҳимоячиларига, улар тимсолида Ватан ҳимоясига дахлдорлик ҳиссини туйган ҳар бир юртдошимизга қарата армиямизнинг қуч қудратидан қониққан ҳолатда яна бир асосий вазифамиз хусусида шундай деган эди: “Миллий армиямизни шакллантириш ва ислоҳ қилиш жараёнида тўпланган тажрибани барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар, чақириқ ёшига етмаган ўғлонларимиз ўртасида ҳар томонлама тарғиб қилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этишда кенг қўллаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади”.

Бу йўналишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан коллеж ва лицейларда алоҳида ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларни ўз ичига олган махсус  чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ишлаб чиқилиб, ўқув тизимига киритилган.

— Ўқув режамизда назарий жиҳатдан ўқиб-ўрганган билимларни амалиёт дарсларида мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Тошкент шаҳар Маданият коллежи ЧЁТ фани ўқитувчиси, истеъфодаги майор Тоҳир Ғаниев. — Бунда, асосан, ўқув-отиш дарслари, турли хил ҳаракатли ҳамда интеллектуал мусобақалар ўтказиш, ҳарбий қисм ва музейларга саёҳатлар уюштириш кабилар назарда тутилган.

Ўқув муассасаларида таълим-тарбия бериш билан бир қаторда чақириқ ёшига тўлмаган ўқувчи ёшларни босқичма-босқич армия ҳаётига тайёрлаб бориш уларнинг келгусидаги хизмат бурчларини аъло даражада ўташларида катта замин вазифасини ўтайди. 

— Бугун ҳарбий хизматга бориш ҳар бир йигит учун шараф ишига айланган, — дейди Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан ҳарбий хизматга чақирилган Темурбек Хушбоқов. — Мен ҳам бу йил ана шу мардлик мактабига йўл олаяпман. Бунда, албатта, коллежда ўқиган ЧЁТ фани орқали армия ҳаёти, аскарнинг хизматдаги масъулияти ҳақида олган билим ва кўникмаларим қўл келади, деб ўйлайман. Ватан ҳимоячиси бўлишга тайёрман.

— Она юртига хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг олий бурчи ҳисобланади. Бунда, айниқса, йигитларнинг масъулияти катта. Негаки, улар оила қўрғони ота-онаси, яқинлари, суюкли ёрининг тинч ва осойишта, сиҳат-саломат юришлари учун бурчлидир, — дейди Маданият коллежи фольклор гуруҳи талабаси, Россиянинг Санк-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро танлов ғолибаси Гулруҳ Султонова. — Шунинг учун бўлса керак, Ватан ҳимоячиларига меҳрим бўлакча. Ҳар доим укаларимга отам каби аскар бўлишлари кераклигини айтаман. Ҳар йили Ватан олдидаги шарафли бурчини ўташга отланган ўғлонларимизни куй ва қўшиқ садолари остида кузатиш ва кутиб олиш маросимлари учун коллежимизда қўшиқчи ва созанда талаба қизлардан иборат ансамбль ташкил этилади. Бир неча йилдан бери ана шундай маросимларда қатнашиб, юзу кўзларида ўзига бўлган қатъий ишонч  ва шижоат акс этган тоғдек суянчларимизни кўриб, ўзимда фахр ва ғурур туйғуларини туяман.   

Бугун кўпчилик ёшлар катта ҳаёт остонасига қадамни мардлик мактабида ўз муқаддас бурчини ўташдан бошламоқда. Бу эса чақириқ ёшигача бўлган ўсмир йигитлар ўртасида мардлик мактабига боришни хоҳловчи ёшлар сафи тобора ошаётгани, бу эса Ватанимизнинг бўлғуси ҳимоячиларидан нафақат ўз соғлигига эътибор қаратиши, балки ҳар томонлама пухта билим эгаллаб, бошланғич ҳарбий таълим бўйича ҳам янада яхшироқ билим ва кўникма олиш талабини қўяди.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири