2017-02-17 17:29:00

ХИВАГА ТЕМИР ЙЎЛ БОРАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юрт фаровонлиги йўлида қабул қилган қарорлари, фармойишлари турмушимизнингянада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Шу кунларда жадал суръатлар билан давом этаётган янгиланишлар, ривожланиш ва тараққиёт сари ташланган дадил қадамлар, эзгу ниятлар рўёби йўлидаги интилишлар, изланишларнинг илк самаралари ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир. Давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида воҳада қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимиз Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларидан унумли фойдаланиш, бунинг учун янги йўналишлар ташкил этиш борасида тавсиялар, кўрсатмалар бериб, Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйилишини алоҳида қайд этганди.

Яқинда Урганч туманидаги “Тандирчи” маҳалласи ҳудудида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, фаоллар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур темир йўл қурилишига тамал тоши қўйилди.

Вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов бу улкан бунёдкорлик иши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллик байрами кунигача тугалланиши ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидлади.

Шу куни Хивада қад ростлайдиган темир йўл вокзали пойдеворига ҳам илк ғишт қўйилди.

— Қадимий Хивага темир йўл олиб келиш халқимизнинг асрий орзуси эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу орзу-ниятлар ушалмоқда. Барча қатори биз кексалар ҳам бу эзгу иш рўёбга чиқаётганидан жуда мамнун бўлдик, — дейди хивалик меҳнат фахрийси Отабой Оллоберганов.

Дарҳақиқат, темир йўлнинг Хива шаҳрига келиши воҳанинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаши, айниқса сайёҳликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлиши шак-шубҳасиз.

Хива тумани ҳокими Э.Ёқубов узунлиги қарийб 30 километрни ташкил қиладиган темир йўлни келтириш муносабати билан шаҳар ва шаҳар атрофида туризм жозибадорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли дам олиши билан боғлиқ кўплаб сайилгоҳлар, хиёбонлар, боғлар, гулзорлар яратилиши, янги турар-жойлар, муҳташам иморатлар қад ростлашини мамнуният билан билдирди.

Шу куни Урганч шаҳридаги Охунбобо масжиди қурилиши муносабати билан ушбу яратилажак маҳобатли масжид пойдеворига илк ғишт қўйиш тадбири ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу мажмуа қадим миллий меъморчилик анъаналари ҳамда замонавий услублар уйғунлигида, қисқа муддатларда барпо этилиши режалаштирилаётганлиги барчага бирдай қувонч, шодлик бағишлади.

— Юртимиз фаровонлигини кўзлаб Президентимизнинг эзгу ғоялари асосида амалга оширилаётган ушбу хайрли иш мустақил мамлакатимизда қадим қадриятларимиз тобора улуғланаётганлигининг ёрқин ифодаси, — дейди Урганч шаҳар бош имом хатиби Ҳасанбой Кенжаев. — Бу ерда масжид билан биргаликда кутубхона, дам олиш хоналари, катта боғ ҳам бунёд этилади. Ушбу қадамжода бир йўла тўрт ярим минг фуқарога хизмат қилиш имконияти яратилади. Бу мажмуада отахонларимизнинг юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамланиши, янада фаровонлик, тўкинлик, халқимизни сиҳат-саломат, бахтиёр бўлиши борасида қилган дуолари албатта ижобат бўлиб, мустақил мамлакатимиз янада гуллаб-яшнайверади.

“Туркистон-пресс”