2017-02-17 17:33:00

ФУҚАРОЛАР БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТ ЯХШИЛАНМОҚДА

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Тошкент шаҳри адлия бошқармаси томонидан “2016 йил сарҳисоби ва Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар билан ўзаро муносабат” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳри адлия бошқармаси ходимлари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, иқтисодиётни ривожлантиришда, аҳолини фаровон турмуш кечиришини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.

2016 йилда тадбиркорлик субъектларидан адлия бошқармасига 324 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 177 таси шикоят тариқасидаги мурожаатларни ташкил этади. Келиб тушган шикоятлардан 164 таси кўриб чиқилган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш, фаолиятига асоссиз аралашиш ва шу каби ҳар бир қонун бузилиши ҳолларини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаш, айбдор шахсларга қатъий чоралар кўрилиши таъминланмоқда.

Шунингдек, бошқармада ташкил этилган  “ишонч телефони” дан ўтган 2016 йилда 320 та мурожаат қабул қилинди ва 209 таси ҳал этилган.

— 2016 йил давомида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига жами 685 та  мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 223 та ёзма шикоят, 49 та ёзма ариза, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Президент виртуал қабулхонасидан 311 та ариза ва шикоят ҳамда “ишонч телефони” орқали 102 та мурожаат келиб тушган — дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Х. Очилов. — 2017 йилнинг ўтган ҳисобот даврида адлия бошқармасига келиб тушган жами 410 та мурожаатдан 323 таси кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Мурожаатларни кўриб чиқишда бўлим томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларининг тикланишига эришилди. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, адлия бошқармасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳар куни қабул қилиш мақсадида “қабул кунлари жадвали” тасдиқланиб, маъсул ижрочилар бириктирилган. Адлия бошқармасига келиб тушган ҳар бир мурожаат қонунга мувофиқ кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда адлия бошқармасининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширган ишлари юзасидан журналистларга батафсил маълумотлар тақдим этилди.  

 “Туркистон-пресс”