2017-02-17 18:59:00

АСКАР ЙИГИТЛАР ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўз йигитлик бурчини ўтаб бўлган йигитлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тантанали кутиб олинмоқда.

...Карнай-сурнай садолари фарзандларига қучоқ очган оталарнинг ўктам овозига, оналарнинг меҳр тўла алқашларига, алп ўғлонларнинг жарангдор кулгусига қўшилиб кетади. Опа-сингиллар ўз жигарларига гуллар тутади...

Тошкент темир йўл вокзалида Фарғона вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларни кутиб олиш маросими ана шундай шодиёнага айланиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И.Мирзаалиев, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Усмонов ва бошқалар Қуролли Кучларимизда изчил амалга оширилган ислоҳотлар боис бугун ҳарбий хизмат ҳар бир йигит учун юксак масъулият ва шон-шараф ишига айланганини таъкидлади.

Ватан ҳимоячиларини байрамона кутиб олиш билан бирга, уларнинг ҳарбий хизматдан кейин ҳаётдан, жамиятимиздан муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириши, жамоат ишларида фаол қатнашиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, бу ёшлар ўнлаб тенгдошлари орасидан танлаб-саралаб олинган. Хизмат давомида ҳарбий билимларни эгаллаган, жисмини чиниқтирган, иродасини тоблаган, маънавиятини юксалтирган. Мардлик ва матонат мактабини ўтаган бундай йигитлар ўз тенгдошларига, укаларига намуна бўлиб қолмай, мамлакатимиз тараққиёти учун хизматга шай.

— Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни адо этиб, ёруғ юз билан ота-онам бағрига қайтганимдан хурсандман, — дейди оддий аскар Диёрбек Набиев. — Ҳарбий хизмат давомида жисмонан чиниқдим. Эндиги мақсадим — ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга кириш. Олган билимларимни, тўплаган тажрибамни Ватанимиз тинчлиги, тараққиёти йўлида сарф этишни мақсад қилганман. 

Дилшод Каримов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА