2017-02-18 15:50:00

БЎЛАЖАК ЧЕМПИОНЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ

Жомбой туманида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан 2003-2016 йилларда 10 та спорт иншооти бунёд этилди.

Уларнинг барчаси 32 турдаги спорт жиҳозлари ва ускуналари билан таъминланган. Бугунги кунда тумандаги спорт иншоотларида 132 тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Бу тўгаракларда 11 минг 711 нафар ёшлар, жумладан,5 минг 455 нафар қизлар спорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда.

— Оммавий спортни ривожлантиришда ўқувчилар, айниқса, қизлар учун яратилаётган шарт-шароитлар яхши самара бермоқда, —дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси туман вакили Бахтиёр Нурназаров. —Буни тумандаги 17-умумтаълим мактабида ташкил этилган бадиий гимнастика тўгараги мисолида ҳам кўрса бўлади. Бу ерда 30 нафар қиз мураббий Зулфия Мавлонова кўмагида бадиий гимнастика сирларини ўрганмоқда.

Спортнинг пенчаксилат тури билан шуғулланувчи Сирожиддин Султонов —Ўзбекистон чемпиони. У ўтган йили Малайзияда ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. Сирожиддин ушбу таълим муассасасида ўқиш билан бирга туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби машғулотларида мунтазам қатнашмоқда.

“Туркистон-пресс”

Бахтиёр МУСТАНОВ(“Зарафшон” газетаси) олган сурат.