2017-02-20 14:12:00

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Халқ таълими вазирлигида “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” Жамоат кенгашининг 2016 йилга мўлжаланган иш режаси ижроси ҳамда 2017 йилда амалга оширилаётган устувор вазифаларга бағишланган навбатдаги мажлиси видеоселектор тарзида ташкил этилди.

Унда республика ҳамда ҳудудий Жамоат кенгашлари аъзолари, тегишли вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг вакиллари иштирок этди. Мажлисни халқ таълими вазири, Жамоат кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди.

“Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши баркамол авлод таълим-тарбиясида айнан халқ билан, кенг жамоатчилик билан биргаликда, ҳамжиҳатликда ва уларнинг фикр-мулоҳазалари билан ишлашни ташкил этиш мақсадида тузилган. Унинг асосий вазифаларидан бири ёш авлод тарбиясида ота-она, маҳалла ва таълим муассасаларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу орқали ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятини кучайтиришдан иборат.

Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, Ўрта махсус, касб ҳунар таълими маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг таълим муассасаларига мунтазам қатнаши, бўш вақтларини салбий оқибатларга олиб келадиган бефойда ишларга сарфламаслигини таъминлаш мақсадида “Ўқувчи”, “Давомат” каби рейдлар ташкил этилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноятга фавқулодда вазият сифатида қаралиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хизмат суруштирувлари ўтказилмоқда.

Йиғилишда ўтган йилда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Жамоат кенгашлари фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш асосида аниқланган муаммолар, камчиликлар ҳамда уларнинг ечими, бартараф этиш йўллари тўғрисида фикрлашилди, амалий таклифлар ўртага ташланди.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, йиғилишда ҳозирги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда Жамоат кенгашлари фаолиятига танқидий нуқтаи-назардан баҳо бериш, хулосалар чиқариш, самарадорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни  амалга ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шу ўринда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида барча таълим муассасаларида “Ота-оналар билан мулоқот” хоналарини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Жамоат кенгаши йиғилишида билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида 2017 йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.

“Туркистон-пресс”