2017-02-20 18:52:00

1 МАРТДАН ЭЪТИБОРАН ТЕРМИНАЛСИЗ САВДО ҚИЛИШ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ТАҚИҚЛАНАДИ

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 февралда ПҚ-2777-сонли “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz сайти хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, 2017 йил 1 мартдан тадбиркорлик субъектлари, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Барча савдо шохобчаларини терминаллар билан жиҳозлаш учун уларни рўйхатдан ўтказиш жадаллаштирилган тартибда — тадбиркорлик субъектидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддат ичида амалга оширилади.

Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нархларни белгилаш устидан ҳам назорат кучайтирилди. Ҳисоб-китоб шаклидан келиб чиққан ҳолда сунъий равишда нархларни ошириш ёки тушириш ҳисоб-китоб терминалларини қўллашнинг белгиланган тартибини бузиш деб баҳоланади. Бундай ҳаракатлар ЭКИҲнинг 30 баробари миқдорида жаримасолишга сабаб бўлади.

Давлат солиқ қўмитасига нархларни сунъий равишда ошириш ёки тушириш, НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, талон ва чеклар бериш ҳамда нақд пулдаги тушумларни ўз вақтида ва тўлиқ инкассация қилиш масалалари юзасидан тадбиркорлик субъектларини доимий асосда текшириш топширилган. Аммо назоратнинг бундай шакли солиқ текшируви ҳисобланмайди ва Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этмайди.

Марказий банк жиҳозлашни кенгайтириш ва амалий фойдаланиш учун анча қулай шарт-шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб терминалларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ва сотиш механизмини қайта кўриб чиқишга кўрсатма олди.

Шунингдек, истеъмол талабини ва тадбиркорлик суъбектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро амалиётда фойдаланилаётган пластик карта орқали аҳолига қисқа муддатли истеъмол кредитларини беришнинг замонавий механизмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

“Туркистон-пресс”