2017-02-21 15:45:00

“ИПОТЕКА-БАНК”: ХАЛҚ БИЛАН ҲАМНАФАС, ИСЛОҲОТЛАРГА ҲАМОҲАНГ

Мустақил тараққиётимиз йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида, хусусан, аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантиришда банк-молия муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда банклар фаолияти сифат ва салмоқ жиҳатдан тобора яхшиланиб бормоқда.

Хусусан, юртимиздаги нуфузли молия муассасаларидан бири — “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга Давлат дастурларининг амалга оширилишида, ҳудудларни ривожлантиришга доир истиқболли лойиҳаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ипотека-банк ўз фаолиятини амалга оширишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан банк тизими олдига қўйган вазифалардан келиб чиқиб, асосий эътиборни банкнинг капиталлашувига, ресурс базасини мустаҳкамлашга, инвестицион жараёнларда иштирокига, кичик бизнесга ҳар томонлама кўмаклашишга, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратмоқда.

Кейинги йилларда қишлоқ жойларда аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Маълумотларга кўра, 2009-2016 йилларда қишлоқ жойлардаги 1308 турар жой массивида 69 557 та шинам уй-жой қурилган. Бу эса қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланишига мустаҳкам замин яратди.

Шунга қарамай, бугунги давр қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан оширишни талаб этмоқда. Бу йўналишда Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида Ипотека-банк томонидан барча чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун имтиёзли узоқ муддатли ипотека кредити бериш тизимини жорий этиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида банк томонидан берилган жами ипотека кредитлари 1 326,1 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, шунинг 391,5 миллиард сўми 2016 йил давомида берилди.

Албатта, бугунги кунда яшаш учун қулай уй-жойлар қуриш муҳим аҳамият касб этган ҳолда, уларни сотиб олишда аҳолига кўмакчи бўлиш янада долзарб масала. Бу борада Ипотека-банк аҳолининг яқин кўмакчисига айланган. Биргина мисол, ўтган йилда 516 та ёш оилаларга жами 69,9 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Умуман олганда, 2016 йил давомида умумий ажратилган ипотека кредитларининг 18 фоизи ёш оилаларга ажратилган.

Банк фаолиятида якка тартибда уй-жой қурувчиларга ва аҳоли учун турар жойлар барпо этадиган хўжалик юритувчи субъектларга кредит олишда кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Фақат 2005-2016 йиллар давомида вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида 5 338 та хонадондан иборат 172 та турар жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилгани, ушбу турар жой бинолари қурилишини молиялаштириш учун банк томонидан қурилиш ташкилотларига жами 1 129,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани фикримиз тасдиғидир.

Сир эмас, кейинги йилларда шаҳарларимизда қурилаётган кўпқаватли уйлар нархининг баландлиги кўпчилик фуқароларимизни қийнаб келаётган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу масалага ҳам ечим топилди.

Қарорда республикамиз шаҳарларида яшаётган аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга йўналтирилган арзон кўп квартирали уйларни қуриш, реконструкция қилиш борасидаги тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш қатъий белгилаб қўйилган.

Мазкур қарор ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида Ипотека-банк томонидан ҳам тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ ушбу кўп квартирали уйлар қурилишини молиялаштириш мақсадида банк томонидан 649,8 миллиард сўм миқдорида кредит линияси очилди.

Бугун фахр билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бир-биридан ҳашаматли уйлар, бино ва иншоотлар, бошқа мажмуалар қад ростлаётгани кўзни қувонтиради. Албатта, бу жараён замонавий, сифатли ва харидоргир қурилиш материалларига талабни янада кучайтириши табиий. Шу боис, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзлари ишлаб чиқарётган маҳсулотлар турини кўпайтиришни мақсад қилишган. Бу ишнинг қўшимча маблағ талаб этиши барчамизга кундек равшан.

Ипотека-банк томонидан бу борада ҳам истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Улардан бири замонавий, тежамли, бозоргир қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида банк томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга кредитлар ажратиб келинаётганида ўз аксини топади. Мана масалан, 2010-2015 йиллар давомида 644 та корхонага жами 309,2 миллиард сўм миқдорида кредит хизматлари кўрсатилган бўлса, 2016 йилнинг ўзида 126 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга жами 345 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Эътиборлиси, банк кредитлари эвазига ишлаб чиқариши йўлга қўйилган қурилиш материаллари нафақат ички бозорда, балки қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Гап ўзани молия муассасалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати ҳақида кетганида Ипотека-банкнинг 38 филиаллари, 154 мини банклари, 578 жамғарма кассалари ва 79 халқаро пул ўтказмалари амалиёти билан шуғулланувчи шохобчалари фаолиятига тўхталиш ўринли. Айни кунларда улар томонидан 88,5 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда 2 миллиондан ортиқ омонатчи-жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Молия муассаси мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи кучига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлашга ҳам муносиб улуш қўшмоқда.Кредитлаш жараёнларида, бирламчи эътибор, ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарор ва фармонлар ижроси билан бир қаторда инвестицион жараёнларда ҳам яқиндан иштирок этишга, шунингдек, Ипотека-банкка бириктирилган устувор йўналиш – балиқчилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Жумладан, мазкур соҳага 2016 йил давомида 941,2 миллиард сўм инвестицион кредитлар ажратилди. Шу билан бирга, инвестицион кредитлар портфели 2016 йил бошига нисбатан 794,1 миллиард сўмга кўпайиб, 3 090,2 миллиард сўмни ташкил қилди.

Иқтисодиётимиз ривожининг асосий бўғинларидан бири ҳисобланмиш, кичик бизнес субъектларига 2016 йил давомида 1 039,8 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Шу билан бирга, кичик бизнеснинг турли соҳаларини кредитлаш бўйича белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди ва ҳар бир соҳа бўйича барқарор ўсишга эришилди.

Хусусан, аёл тадбиркорларга 119,8 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 213,8 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 13,6 миллиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 26,8 миллиард сўм озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш учун 154,2 миллиард сўм, шу жумладан, балиқчилик фаолиятини ривожлантириш учун 116,0 миллиард сўм кредитлар ажратилди.Ушбу ажратилган кредитлар натижасида 17 764 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Ипотека-банк ҳудудларда саноатни, сервис соҳасини ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурига асосан амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳаларда ҳам фаол иштирокчига айланган. Жумладан, банк томонидан 2016 йилда мазкур йўналишдаги 1 161 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 591,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Пировардида, 11 мингга яқин янги иш ўринлари пайдо бўлди.

Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. Бугунги кунимиз шиорига айланган бу тамойилни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ипотека-банк жамоаси таъсирчан чора-тадбирларни изчил амалга ошириб келмоқда.

 “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, мазкур молия муассасаси ходимлари ҳам ҳар бир оила билан яқин муносабатни йўлга қўйиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратишни мақсад қилишган. Аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бўлган истагини ўрганиш, ҳудудларнинг ички имкониятлари ва хусусиятидан келиб чиқиб, янги таклифлар бериш, улар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган бизнес лойиҳаларга банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратган ҳолда қўллаб-қувватлаш, мулоқотларда тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш тартиблари ва истиқболлари билан таништириш, шунингдек мавжуд имтиёзлардан фойдаланишда керакли маслаҳатларни бериш ишбилармонлик муҳитининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Шу кунгача Ипотека-банк ходимлари қариийб 40 мингга яқин хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун банк хизматлари ва кредит маблағларига бўлган эҳтиёжини ўрганишди. Шу мақсадда банк томонидан бириктирилган ходимлар ҳамда ҳамда хонадон аъзолари ўртасида  суҳбат асосида савол-жавоб варақалари расмийлаштирилди. Шунингдек, 335 минг 685 та хонадонга таклиф хати ва савол-жавоб варақаси почта орқали юборилди.

Банк ходимларнинг уйма-уй юриб аҳолини билан мулоқотга киришиши ўз самарасини бермоқда. Ўтказилган тадбирлар ва суҳбатлар асносида 3 мингдан  ортиқ юртдошларимиз  тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ҳамда  улардан  100 дан ортиғига имтиёзли шартлар асосида 3 йил муддатгача 940 миллион сўмдан ортиқ сармоялар йўналтирилди.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хонадон аъзоларига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва бошқа шу каби йўналишлардаги соддалаштирилган бизнес режалар ҳамда тушуниш осон бўлган тарқатма материаллар  тақдим этилиб, бу борада уларни қизиқтирган барча маълумотлар аҳолига тақдим этилмоқда. 

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари идораларида “Тадбиркорлар бурчаклари” ташкил этилмоқда. Банкнинг мазкур қисмида  тадбиркорлик йўналишидаги амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва тарқатма материаллар билан бутланган ҳолда  филиал масъул ходимлари ва мутасадди идоралари масъуллари иштирокида семинарлар ўтказиш мақсадида графиклари ишлаб чиқилмоқда. Келгусида амалга оширилаётган зарурий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритиладиган яна бир муҳим масала — олис ҳудудлар, меҳнат ресурслари кўп бўлган туман ҳамда шаҳарларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг юқори технологик ва инновацион лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг имтиёзли кредитлар бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар ҳажмини ошириб боришни алоҳида қайд этиш жоиз.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизмининг янги босқичи шаклланди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифалар муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизмларини такомиллаштиришга Ипотека-банк томонидан ҳам бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. 2016 йилнинг якуни бўйича виртуал қабулхона орқали Ипотека-банкка кўриб чиқиш учун жами 1 713 та мурожаат келиб тушган.

Шунингдек, 2016 йил ноябрь ойидан банк бошқаруви раисининг виртуал қабулхонаси ҳам ташкил қилинган бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар ушбу хизматдан кенг фойдаланиб келмоқда.

2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра банк бошқаруви раисининг виртуал қабулхонасига кўриб чиқиш учун жами 110 та мурожаат йўналтирилган бўлиб, ушбу мурожаатлар асосан валюта, иш ҳақи, пластик картадан нақд пул ечиш, ипотека, кредит, таълим, истеъмол кредити олиш, пластик карта ва терминал олиш, ишга кириш, ҳисобварақдан маблағ ўтказиш ва омонатга қўйилган пул маблағларини олиш масаласидадир.

Аҳоли ва тадбиркорлардан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келаётган шикоятлар сонининг жиддий кўпайишига сабаб бўлаётган тизимли муаммолар ва ҳал этилмаган масалаларни бартараф этиш, шунингдек, банк раҳбарияти томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳар бир иш кунида соат 8.00 дан 11.00 гача шахсий қабулларни мунтазам равишда ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 7 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Мазкур фармон мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадини кўзда тутади.

Ўтган йиллар мобайнида иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолишни таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда.  

Шу маънода Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз молия муассасалари олдига ҳам бир қатор долзарб вазифаларни юклайди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишда кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда. 

Шунингдек ушбу йўналиш хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, заргарлик соҳасини ривожлантириш, айрим миллий корхоналарнинг акцияларини (IPO) нуфузли хорижий фонд биржаларига дастлабки тарзда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади.

2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ипотека-банк томонидан ҳам Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда аниқ режа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра яқин истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу саъй-ҳаракатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш, бир сўз билан айтганда, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс”