2017-02-21 18:48:00

ИЛМ-ФАНГА ЭЪТИБОР —КЕЛАЖАККА ПОЙДЕВОР!

Юртимиз азалдан ўзининг дунёга машҳур олими фузалолари билан танилган. Улар орасида Фарғоний, Форобий, Улуғбек ва ибн Сино каби ажойиб алломалар борки, бундай илм арбобларининг номи асрлар оша фан оламининг ёрқин юлдузлари сафида тилга олиб келинади. Бу каби олимларнинг ажойиб анъаналарини муносиб давом эттираётган захматкашлар бизнинг замонамизда ҳам жуда кўп бўлган. Яҳё Ғуломов, Ҳабиб Абдуллаев, Ёлқин Тўрақулов, Собир Юнусов ва бошқалардан иборат бу рўйхатни яна анчагина давом эттириш мумкин.

Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан ўтказган учрашувида бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганлигини таъкидлади. Чунки ҳозирги пайтда жамият олдида турган долзарб муаммоларни илм-фан кўмагисиз ечиш амри маҳол. Шунинг учун мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

“Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан яқиндан танишар эканман, ўша учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазалар яна бир бор хаёлимдан ўтди. Президентимиз олимлар билан мулоқот чоғида таъкидлаганларидек, мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Соҳа тараққиётида эса фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади.

Давлатимиз раҳбари қабул қилган қарорда иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш, Фанлар академиясининг нуфузини юксалтириш ва фаолиятини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни бошқариш уларни тартибга солишнинг ягона тизимини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш зарурати қайд этилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Фанлар академиясининг асосий вазифа ва фаолияти йўналишлари ҳам муфассал белгилаб берилган. Улар орасида табиий, техник, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш, илм-фаннинг таълим, ишлаб чиқариш билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда республика ҳудудларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантириш, давлат илмий-техник дастурларининг устувор йўналишларини шакллантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилганлиги диққатга сазовордир. Бунинг учун эса жаҳон ва республика илм-фан ютуқларини ўрганиш, таҳлил қилиш, улардан Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланиш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш лозим, албатта.

Айни пайтда мамлакатимиз илм-фани, илмий салоҳияти, қўлга киритилаётган фан ва техника ютуқларини оммалаштириш ҳамда кенг тарғиб қилиш, хорижий мамлакатларнинг Фанлар академиялари, илмий-тадқиқот ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш, халқаро илмий форум, конференциялар ташкиллаштиришнинг алоҳида аҳамиятга эгалиги таъкидланган. Келажак манфаатлари йўлида эса Фанлар академияси муассасаларининг илмий салоҳияти ва моддий-техник базасидан фойдаланган ҳолда, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласини ҳеч қачон эътибордан қочирмаслик талаб этилади.

Университетимиз олимлари ва тадқиқотчилари ҳам кейинги йилларда ўқув юртимизнинг илмий салоҳиятини ошириш йўлида тинмай изланмоқдалар. Уларнинг куч-ғайрати билан яратилган ишланмаларни амалиётга жорий этиш натижасида олинаётган иқтисодий самара ҳам тобора кўпаймоқда. Бироқ замон талаби асосида мушоҳада юритсак, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги кўзга ташланади. Уларни ишга солиш орқали давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг муваффақиятли бажарилишига муносиб ҳисса қўшамиз. Шу билан бирга илм-фанни ривожлантириш йўлида олимларимизга билдирилаётган ишончни,албатта,оқлаймиз.

Абдусалом УМАРОВ,

Наманган давлат университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор.

(“Туркистон-пресс”).