2017-02-22 17:52:00

ТОШКЕНТДА РЕСПУБЛИКА ГИДЛАР ФОРУМИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

21 февраль куни пойтахтимизда  Бутунжаҳон гидлар ва экскурсоводлар кунига бағишлаб илк бор ташкил этилган Республика гидлар форуми ўтказилди.

Мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимиз сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, гидлар, халқаро экспертлар иштирок этди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 400 дан ортиқ гид фаолият юритмоқда. 2000 йилдан буён Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази соҳа ходимларининг малакасини ошириб келмоқда. Марказ Самарқанд ва Хоразм вилоятларида филиалларига эга, жорий йилда Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Қашқадарёда ҳам бўлинмалар очилиши режалаштирилган. 

Форумда туризм соҳасини ривожлантиришда гид ва экскурсоводларнинг ўрни, гидлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг инновацион методлари, музей ва туристик гидлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди, гидларга қўйиладиган халқаро талаблар ўрганилди.

“Туркистон-пресс”