2017-02-23 18:48:00

ЎЗБЕКИСТОН ЕНГИЛ АТЛЕТИКА ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ ҲИСОБОТ-САЙЛОВ КОНФЕРЕНЦИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Анжуманда 2013–2016 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан федерация раҳбариятининг ҳисоботи тингланди.

Маълумки, ўтган тўрт йил давомида енгил атлетика бўйича мамлакатимиз спортчилари кўплаб халқаро турнирларда, Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионатларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди. Шу билан бирга юртимизда ҳам қатор ички ва халқаро мусобақалар юқори савияда ташкил қилиниб, янгидан-янги иқтидорлар сафи кенгайди.

Қолаверса, тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси саналган Олимпия ўйинларига ҳам лицензияларнинг энг кўпини айнан ушбу спорт вакиллари қўлга киритишганди. Аммо ҳозирча енгил атлетикачиларимиздан ҳеч бири Олимпия ўйинлари совриндорларисафига қўшила олмади.  

Сўнгги йилларда спортнинг кўпгина турлари қаторида енгил атлетикага ҳам давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конференцияда спортнинг ушбу турини мамлакатимизда ёшлар орасида янада оммавийлаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, терма жамоаларда селекция ишларини кучайтириш, мураббийлар малакасини ошириш ва албатта Токиода ўтказиладиган навбатдаги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш федерациянинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Конференцияда Енгил атлетика федерацияси раҳбариятининг янги таркиби сайланди. Жумладан, Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазиринингўринбосари Ғуломжон Ибрагимов, унинг биринчи ўринбосари этиб “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси ўринбосари Олимхон Рустамов бир овоздан сайланишди.

Абдулло Сагдиев, Беҳзод Миртемиров, Бахтиёр Икрамжановлар раис ўринбосари лавозимига, Камолиддин Рўзимуҳамедов эса Бош котиб лавозимига сайланди.

Яна бир янгилик. Айни вақтда пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионига ёндош ҳудудда енгил атлетика бўйича махсус спорт мажмуаси ҳамда федерациянинг янги биноси қад росламоқда. Федерация раҳбариятининг сўзларига кўра,мазкур мажмуа шу йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ўз навбатида спортнинг ушбу турини мамлакатимизда янада ривожланиши ва оммавийлашувига хизмат қилиши шубҳасиз.

“Туркистон-пресс”