2017-02-24 18:48:00

АСКАРЛАР КУТИБ ОЛИНДИ

Тошкент темир йўл вокзалида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бир гуруҳ аскарларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари М.Умаров ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани самарасида миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун фахр ва шон-шараф ишига айланганини таъкидлади. 

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Бойқўрғон маҳалласида истиқомат қиладиган Чўлпоной Мелиқўзиева бугун ҳар қачонгидан хурсанд. Ўғли Аҳмаджон муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтагани учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан уйига қайтди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, маҳалла фаоллари опанинг хонадонига бориб, халқимиз корига ярайдиган, қатъий фуқаролик позициясига эга Ватан ҳимоячисини тарбиялагани учун миннатдорлик билдирди. 

– Армиядан ўғлим янада кучга тўлиб, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб қайтди, – дейди Чўлпоной опа. – Бу табиий. Негаки, бугун ҳарбий қисмларда фарзандларимизнинг жисмонан ва маънан етук бўлиши учун барча шароит яратилган. 

– Мен тенгқурларим қатори ўз конституциявий бурчимни адо этдим, – дейди А.Мелиқўзиев. – Аммо Ватанимиз олдидаги ҳақиқий хизмат энди бошланмоқда. Келгусида етук мутахассис бўлиб, юртимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишни ният қилганман. 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА