2017-02-28 15:15:00

ПОМИДОР КОМБАЙНДА ТЕРИЛАДИ

Самарқанд вилояти деҳқонлари қишлоқ хўжалигининг илғор тармоқларини ўзлаштириш билан бирга, жаҳон бозорида энг харидоргир бўлган экин турларини ҳам кўпайтириб бормоқда. 

—Ўтган йили Жомбой туманидаги 22 фермер хўжалигидаги 20 гектар майдонда пастернак, цикори, кейл карами, яшил қовоқча, пирей пиёзи (лукпари), брокли карами ва бошқа экинлар синовдан ўтказилди, — дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Алижон Облоқулов. — Янги экинларнинг барчаси иқлим шароитимизга тўла мос келди. Лукпари, брокли карами, яшил қовоқча (кабачки)нинг гектаридан 150-200 центнергача маҳсулот етиштирилиб, кутилгандан ортиқ ҳосилдорликка эришилди. Жорий йилда эса 430 гектарда брокли карами, яшил қовоқча, цикори, лукпари экинлари ва 10 дан ортиқ турдаги сабзавотнинг Голландия, Германия, Польша, Россиядан келтирилган янги ва серҳосил навларини тўқсонбости усулида экдик. Тармоқдаги янгиликлардан яна бири —ўтган йилдан бошлаб помидорни техника билан экиб, йиғиштириб олиш технологиясини қўлладик. 

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, украиналик мутахассислар билан ҳамкорликда “Мароқанд мева-сабзавот”масъулияти чекланган жамияти томонидан помидор етиштиришда қўлланган бу янги усул ердан самарали фойдаланиш, ўғит тежамкорлиги ва қўл меҳнатининг камлиги билан мутахассислар эътиборига тушди.

— Касалликка чидамли, зараркунандалардан холи бўлган помидорнинг нави Италиядан келтирилиб, экилишидан олдин препаратлар ёрдамида биринчи ишлов берилади, — дейди жамият иш юритувчиси Илҳом Турсунов. — 350 гектарга махсус сеялкада помидор уруғи экилиб, ўғит сувга қўшиб, томчилатиб берилади. Одатий усулдаги помидордан гектарига 250-300 центнергача ҳосил олинса, бу усулда 800-1000 центнергача ҳосил олиш мумкин. Помидор ҳосили, айтиб ўтилганидек, комбайнда терилади. Бунинг учун Германиядан 2 та махсус помидор териш комбайни олиб келинди. Ўтган йил ҳосилнинг катта қисми Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди, қайта ишловчи маҳаллий корхоналарга шартнома асосида етказиб берилди.

“Туркистон-пресс”