2017-02-28 16:01:00

ЯҚИН ЎТМИШИМИЗГА НАЗАР

Бой тарихимизни билиш, англаш, миллий урф-одатларимиздан хабардор бўлиш, уларни асраб-авайлаб келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Инчунун, тарих ўтмиш ҳақиқатларини ўзида акс эттирувчи, мозийдан ҳикоя қилувчи манбалар тўплами ҳисобланади.

Келинг, шу ўринда яқин ўтмишимизга бир назар солайлик. Хусусан, алоқа соҳасида янги тарихимизнинг ҳам қизиқарли зарварақлари бор.

Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейи фаолиятини 2009 йил 24 октябрдан бошлаган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 7000 мингдан зиёд экспонатлар сақланади.

Сиз музейдаги экспонатларни томоша қилар экансиз мамлакатимизда алоқа соҳасининг ривожланиш босқичлари ҳақида тасаввурга эга бўласиз. Музейда почта алоқасининг ривожланиши, телеграф, телефон алоқалари, радио ва телевидиние, мобиль алоқа, шу жумладан алоқа соҳасининг мустақиллик йилларидаги ривожланиш бўлимлари мавжуд.

Бугунги кунда кенг жамоатчилик томонидан соҳага доир қимматли тарихий буюмлар, техник жиҳозлар ва воситаларнинг тақдим этиб келинаётгани музей коллекцияси янада кўпайиб, қиммати ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Биз замонавий технологиялар тараққий этган замонда яшаётган эканмиз, бу технологияларнинг ўтмиши ҳақида ҳам билишни, кўпроқ маълумотларга эга бўлишни истаймиз. Бунда сизга Алоқа тарихи музейи энг яхши кўмакчидир.

Масалан, музейда қадимда хат ташиган почта аравасининг табиий катталикдаги макетининг борлиги ўша даврнинг ижтимоий  ҳолатини англаб олишимизга ёрдам беради.

Шунингдек, “Ўзбекистон почтаси” стендида миллий почта хизматининг Темурийлар давридан тортиб, ҳозирги давргача бўлган шаклланиш жараёнидан ҳикоя қилувчи экспонатлар ҳам диққатга молик.

Музейдаги яна бир ноёб экспонатлардан бири юртимизда пайдо бўлган биринчи мобиль телефон бўлиб, ушбу телефон орқали Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1992 йилда республикамиз вилоятлари билан мулоқотга киришган.

Музейда мослама ва ускуналардан ташқари, 1991 йилдан буён яратилган, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасига тегишли қонунчилик актлари, шунингдек ўтган йилларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари намуналаридан хабардор қилувчи маълумотлар ҳам жамланган.

Музейда сақланаётган ўтган асрнинг ўрталарида фойдалана бошланган бир неча таксафон кабиналари ва таксафон аппарати намуналари ҳам бу ерга ташриф буюрувчилар эътиборини жалб этади.

Шунингдек, музейда тадқиқотчилар учун кутубхона ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда ўтган асрнинг 30 йилларидан ҳозирги кунгача чоп этилган 800 дан зиёд илмий адабиётлар мавжуд.

Айни дамда технологиялар ва телекомуникация воситаларининг ривожланиши ҳамда тараққий топиши учун музейда алоҳида бўлиб фаолият юритиб, бу борадаги илмий изланишларнинг янада кенгайишига замин яратмоқда.

Ҳар ўтган кун тарих. Вақт ғилдирагининг шиддатли ҳаракати эса тарих зарварақаларини бойитиб бораверади. Бизнинг мазмунли ва мақтанса арзигулик тарихимиз келажакка ишонч билан яшашга ундаб туради.

ЎРОЛ ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири