2017-03-01 21:11:00

ХАЛҚАРО ТУРНИРДА ЁШ ПОЛВОНЛАРИМИЗ 10 ТА МЕДАЛГА САЗОВОР БЎЛИШДИ

Жорий йил 24-26 февраль кунлари Болгариянинг Варна шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди.

Болгария, Руминия, Молдова, Россия, Грузия, Япония, Венгрия, Хорватия, Испания, АҚШ, Украина ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этган мазкур мусобақада терма жамоамиз делегацияси жами 10 та медалга сазовор бўлди.

Юнон-рум курашида Ислом Баҳромов (59 кг), Мирзобек Раҳматов (66 кг) ва Жалгас Бердимуратов (80 кг) олтин медалларни қўлга киритган бўлсалар, Тўрабек Тиркашев (59 кг) ва Фазлиддин Намозов (71 кг) бронза медаллари билан тақдирланишди.

Эркин курашчиларимиз орасида эса Рустам Жўраев (50 кг) ва Баҳодир Аслонов (97 кг) барча рақибларини мағлуб этиб олтин медалларга эга чиқишди. Рамазон Ибодов (65 кг), Муҳаммадали Мухторов (70 кг) ва Ҳасанбой Раҳимов (125 кг)ларга бронза медаллари насиб этди.

Эътиборли жиҳати, юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз аъзоси Мирзобек Раҳматов ёш полвонлар орасида “Энг яхши техника соҳиби” номинациясида ғолиб бўлди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”