2017-03-03 15:36:00

“ИЙМОН” ПЬЕСАСИ —САМАРҚАНД САҲНАСИДА

Айни кунларда Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Иззат Султоннинг Иймонпьесаси саҳналаштирилмоқда. Режиссёр Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Ёдгор Саъдиев. “Зарафшон” газетаси мухбири устоз актёрнинг спектакль ва умуман, Самарқанд таассуротлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди:

—Ёдгор ака, Самарқанд театри жамоаси ҳақидаги тасаввурингиз қандай бўлди?

—Театр жамоаси актёрлари орасида тўрт-беш нафар катта авлод ҳамда кўплаб ёш авлод вакиллари бор. Аммо негадир улар орасида ўрта авлод вакилларини учратмадим. Бундай ҳолат ижодда ўз изини кўрсатади. Чунки театрда ҳар бир авлод вакилининг бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Ёш актёрларнинг аксарияти эса санъат коллежини тамомлаган, холос. Шунинг учун ёшларнинг етарли даражада актёрлик маҳоратига эга эмаслиги кўриниб турибди. Бу ҳали уларнинг профессионал даражага етиши учун маълум қийинчиликлардан ўтиши керак, дегани. Лекин шундай бўлса-да, жамоада кучли интилиш бор. Театр раҳбарияти ҳам, актёрлар ҳам ҳаракат қиляпти, профессионал даражага етишни хоҳлаяпти. Мана шу нарса менга ёқди. 

Кейинги пайтларда театр директори Баҳодир Шаропов ва жамоанинг жонбозлиги билан янги асарлар устида иш олиб бориляпти. Масалан, Алишер Навоийга бағишланган “Самарқанд сайқали”спектакли саҳналаштирилди. Шу жумладан, “Иймон”спектаклини ҳам шулар қаторига киритиш мумкин. 

Иймонспектакли аввал Ўзбек Миллий академик драма театрида намойиш этилган. Унинг айнан Самарқанд театрида яна қайта саҳналаштирилишининг боиси нимада?

—Тўғри, спектакль Ўзбек Миллий академик театрида намойиш этилган ва уни томошабин жуда яхши кутиб олган. Умуман, бу асар ХХ асрнинг энг яхши драмаси сифатида эътироф этилган бўлса-да, бугун ҳам у ўз аҳамияти, қадр-қимматини йўқотмаган. Спектакль воқеалари виждонли, диёнатли инсон Комил Ҳайдаров ва бировнинг ёзган диссертациясини олиб, ўзиники сифатида ёқламоқчи бўлган ўғли Мурод ўртасидаги зиддият ва мана шу зиддият майдонида ҳосил бўлган кўнгил кечинмалари ҳақида боради. Шуни айтиш керакки, аввало, бу асар томошабинга Иймон беради. Иймон сўзининг маъноси жуда кенг. У кўп тушунчаларни ўз ичига қамраб олади. 

Ҳанафия мазҳабида иймоннинг иккита шарти бор. Биринчиси, тил билан иқрорлик бўлса, иккинчиси, дил билан тасдиқлашдир. Пьеса томошабинга мана шу тушунчани бера олади. Шунинг учун ҳам бугун одамларни иймонини бутун сақлаб, тўғри йўлдан юришга, ҳалол яшашга ундовчи бундай асарлар керак. Қолаверса, самарқандликлар яхши асарни, умуман, театр томошасини севувчи халқ бўлгани учун ҳам ушбу пьесани уларга бир туҳфа сифатида намойиш этиш ниятидамиз.

Биз ушбу спектакль премьерасини аёлларимизга 8 март — Хотин-қизлар куни олдидан байрам туҳфаси сифатида 6 мартда ўтказишни режалаштиряпмиз. Унда бош ролни ўзим ўйнайман. Ўйлайманки, бу туҳфа аёлларга, умуман, томошабинга маъқул бўлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА суҳбатлашди.