2017-03-03 17:49:00

АЛЕКСАНДР МОЧИНОВ ЎЗБЕКИСТОН U-19 ТЕРМА ЖАМОАСИГА БОШ МУРАББИЙ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Футбол бўйича Ўзбекистон U-16 терма жамоасига устозлик қилган Александр Мочинов 1999–2000 йилларда туғилган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон U-19 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда. 

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон U-19 терма жамоаси 2018 йили бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига саралаш босқичида иштирок этади. Саралаш босқичи шу йилнинг 31 октябрь —8 ноябрь кунилари бўлиб ўтади.  

Мураббийлик фаолияти давомида  “Оқ-тепа”, “Бухоро” ва “Обод” клубларида ишлаган Александр Мочинов Ўзбекистон U-19 термасини саралаш босқичига тайёрлайди. Унга ёшлар термасини U-19 Осиё чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Саралаш босқичига тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Дубайда БАА U-19 термаси билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Мазкур ўйилар жорий йил 8 ва 10 март кунлари бўлиб ўтади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”