2017-03-03 18:30:00

АСКАР ЙИГИТЛАР ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ

Бухоротемир йўл вокзалида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскар йигитларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Унда маҳаллийдавлат ҳокимияти органлари, ҳарбийлар, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида тобора такомиллашиб бораётган мамлакатимиз Қуролли Кучлари халқимиз барқарор тинчлиги ва осойишталиги, чегараларимиз хавфсизлиги ҳамда дахлсизлигини таъминлайдиган қудратли армияга, ҳарбий-ватанпарварлик мактабига айланди, унинг сафида хизмат қилиш шон-шараф иши бўлиб қолди, дея таъкидланди маросимда.

— Бугун биз учун катта байрам, — дейди Байрам опа Ғаниева. — Фарзандим Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажариб, бағримизга қайтди. Ўғлим Бобуржон хизматни ўтаётган ҳарбий қисмга уч марта бордим. Ҳар гал командирлари, ўғлингиздан хурсандмиз, дейишганда жуда қувонганман, фахрланганман. Бугун уйдагилар “Сиз овора бўлманг, Бобуржонни вокзалда ўзимиз кутиб оламиз”, дейишганда, кўнмадим. Ишончимизни оқлаган ўғлимга ўзим пешвоз чиқаман, дедим. Ана, мен томонга, келаётган шу йигит азаматим, кўзимнинг оқу қароси Бобуржон бўлади.

— Мен жанговар, маънавий-маърифий тайёргарликка оид тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий қисм командирининг тавсияномасини олдим. Бу менга олий ўқув юртига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоиз миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини беради, — дейди оддий аскар Марат Жўраев. — Бу олий ҳарбий билим юртига ўқишга киришимда яхши имкониятдир.

Маросимда ҳарбий хизматдан қайтган аскарларга гуллар ва бадиий китоблар тақдим этилди.

“Туркистон-пресс”