2017-03-06 15:49:00

ҚАДИМ ТАРИХ, САҲРО МЎЪЖИЗАЛАРИ, МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР МАСКАНИ

Тарихни ўзида яққол мужассам этиши билан музейлар ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мустақиллик йилларида мавжуд музейларни таъмирлаш, уларни ўзига хос экспонатлар билан бойитиш, янги музейлар барпо этишга мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Зеро, бу ишларнинг замирида аждодларимизнинг асрлар давомида яратган бебаҳо маънавий ва моддий меросини асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга етказиш мақсади туради.

Бугунги кунда юртимизда 1200 дан ортиқ жамоатчилик ва 90 дан ортиқ давлат музейлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда аждодларимиз тарихи, бетакрор маданиятини акс эттирувчи 1,3 миллиондан ортиқ нодир буюмлар – экспонатлар сақланмоқда.

Кишида бутун минтақа тарихи ҳақидаги ўтмиш воқеаларини тўлақонли акс этирувчи музейлардан бири бу И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи бўлиб, бу масуан Нукус шаҳрида 1966 йилда ташкил этилган. Музейнинг умумий майдони 6,9 минг квадрат метр бўлиб, унда 3 та – қадимги ва ўрта аср Хоразм маданияти, Қорақалпоқ халқ амалий санъати ва тасвирий санъат бўлимлари мавжуд. Бу музейга нисбатан “Саҳродаги Лувр” атамаси ҳам қўлланилади.

Музей фондида 100 мингга яқин экспонат сақланади. Уларнинг энг қадимгилари археологик топилмалар ҳисобланади. Қояга чизилган бу расм эрамиздан аввалги икки минг йилликка оид. Қизиқарли жиҳати музейда дунёнинг бошқа етакчи музейларида ҳам учратиш қийин бўлган 47 та экспонат мавжуд. Булар сирасига Саркофак ва унинг ичидан топилган буюмлар, тақинчоқ, миллий аёллар кийимлари, тўй бош кийимлари ва картиналар киради.

Музейга бир йилда тахминан 70 минг киши ташриф буюради, шулардан 3 мингдан ортиғини чет эллик сайёҳлар ташкил қилади. Музейга ташриф буюрувчиларда, айниқса Қорақалпоқ халқ амалий санъати бўлимида жамланган Қорақалпоқ халқ усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик айниқса, ўтов жиҳозлари алоҳида ҳайрат ҳиссини уйғотади. Чунки бу бўлимдан жой олган экспонатлар орқали музейга ташриф буюрувчилар Қорақалпоқ халқининг туб шаклланиш илдизларини ўз тасаввурларида ҳис этишлари, марказда жойлашган ўтов орқали эса бу минтақада қадимдан яшаб келаётган халқларнинг турмуш-тарзи ва ҳунармандчилик дурдоналари орқали қадим аҳоли машғулотлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Музейнинг катта бадиий санъат асарлари билан бойитилган тасвирий санъат бўлими ҳам ўзининг ўзига хос бошқа музейларда учрамайдиган нодир намуналари билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур музейда нафақат машҳур рассомлар, балки номаълум ижодкорлар қаламига мансуб асарлар ҳам сақланади.

Музей экспонатлари монография тартибида тўплангани ва экспонатларнинг зич жойланиши, экспозицияларнинг даврийлиги билан тартибланиши билан ҳам бошқа музейлардан фарқ қилади ва шунинг учун ҳам кўпчилик  санъатшунослар ва дунё экспертларининг хулосасига кўра И.В.Савицкий номидаги музей Осиё ҳудудидаги энг яхши бадиий тўплам деб топилган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири