2017-03-07 18:18:00

ОММАВИЙ КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ ЎТКАЗИЛАДИ

Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг билим олишга қизиқишларини шакллантириш, уларда мутолаа маданиятини тарбиялаш, китобхонликни ривожлантиришга инновацион ёндашувларни татбиқ этиш мақсадида “Оммавий китобхонлик ҳафталиги”ни  ўтказмоқда.Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳафталик шу йилнинг 3-8 апрель кунлари республикадаги барча умумтаълим мактаблари, ахборот-ресурс марказларида ўтказилади. Ҳафталик доирасидаилмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, таниқли болалар шоир ва ёзувчилари билан ижодий учрашувлар, янги адабиётлар кўргазмалари, маҳорат сабоқлари, турли танловлар, викториналар, интеллектуал ўйинлар ташкил этилади.

Мазкур лойиҳанинг асосий вазифаси ахборот-кутубхона муассасалари ва мактаб кутубхоналарида ўқувчиларнинг бўш вақтларида китоб мутолаа қилишларига шароит яратиш, китобхонликни энг муҳим маданий эҳтиёж сифатида оммалаштириш, ўқувчиларда китобхонликка бўлган меҳрни уйғотиш, оилада ва таълим муассасасида мутолаа муҳитини юзага келтириш ва ижодкор ўқувчиларни тақдирлашдан иборат.

Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий китобхонлик ҳафталигини уюшқоқлик билан ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида махсус методик тавсиянома ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди. Ҳафталик якунлари бўйича унда фаол иштирок этган ўқувчилар эсдалик совғалар билан тақдирланади.

“Туркистон-пресс”