2017-03-08 16:30:00

АФРОСИЁБ: ЎТМИШ ВА БУГУН МУШТАРАКЛИГИ

Самарқанддаги Сиёб бозорининг шимолий қисмида Афросиёб археологик ёдгорлиги жойлашган бўлиб,у қадимий шаҳарнинг ўрнидир. Самарқандга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг эътиборини Афросиёб харобалари ўзига тортади. Бу ҳолат бежизга эмасАфросиёб харобалари остида маҳаллий халқнинг қарийб 3 мингйиллик тарихи, маданияти, санъати, сиру-синоати ва мустақиллик учун олиб борган кураши ётибди.

Афросиёб номидаги Самарқанд шаҳар тарихий музейи 1970 йилда ташкил этилган. Агар Афросиёб узра саёҳат қилсангиз йўлнинг икки тарафида ҳам жарлик, тепалик ва қабристон ҳаробалари кўзга ташланади. Бу Афросиёб музейининг бошқа музейлардан фарқли жиҳати бўлиб, музейга ташриф буюрувчилар ўзларини бевосита қадимги Суғд ва Кушон даври муҳитида, араб босқинчилиги натижасида юзага келган хароба шаҳарни кўз ўнгида тасаввур этишлари мумкин. Чунки китобдан ўқиган ва музейни бевосита айланиб,ундаги экспонатлар билан танишганда минг йиллар олдинги тарихни жонли акс эттриш мушкул, бу ҳолат ташриф буюрувчиларга кўпроқ маълумот олиш имконини беради. Нега айнан бу ҳудудларга нисбатан Афросиёб харобалари тушунчаси қўлланилади?

Милоддан аввалги VIII va miloddiy II асрларда ҳукм сурган сак-скиф турк давлатининг асосчиси Афросиёб бўлиб, у ғарб адабиётида Мадай Қора, турон адабиётида Алп Эр Тўнга, форс-тожик адабиётида Афросиёб деб аталган. Чунки тарихий манбаларда милоддан аввалги VIII асрда қадимий Турон салтанати, Афросиёб давлатининг пойтахти, маъмурий бошқарув маркази мана шу харобалар ўрнида жойлашганлиги эътироф этилган. Афросиёб топонимини айрим олимлар“афро” сўзи арабча бўлиб,от маъносини беради, яъни Афросиёб-қора от, қора отлиқ мазмунини англатади деб ёзишади(яъни Заратуштира-туя етаклаган одам маъносини англатгандай). Ёки иккинчи бир маъноси “афро” сўзи форсча афроз-баландлик, юксаклик маъносинианглатишини, яъни Афросиёб-Қорасув тепасида, юксакликда жойлашган қўрғон жойи дейишади.

Музей 2 қавтдан иборат бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчилар 7 та зал орқали 3 мингга яқин экспонатлар билан танишиши мумкин. Уларнинг ичида энг ноёб ва дунёга машҳури бу Афросиёб шаҳарчасида Марказий Сўғдиёна ихшиди Вархуманинг (VII-VIII асрлар) саройидан топилган девор суратлари бўлиб, бу суратлар музей фахри ҳисобланади. Уларга араб босқинчилик даврида катта талофат етказилади. Ислом динида жонли мавжудодларнинг суратини чизиш тақиқланганлиги учун араблар истилочилик даврида бу деворий суратларнинг кўзларини ўйиб, қўпориб зарар етказишган. Бу деворий суратлар 1965 йил топилган бўлиб, таъмирланиб музейга олиб келинган ва 1985 йилдан бошлаб намойиш этиб келинмоқда. Юқорида келтирилган 7 та музей заллари экспонатлар хусусиятидан келиб чиқан ҳолатда ташкил этилган.

Биринчи залда шаҳарчанинг ўрганилиш тарихи даврма-давр олимларнинг Афросиёбни ўрганилишга қўшган ҳиссаларига тўхталинади. Музейда қилинган асосий иш Афросиёбни даврлаштиришда қўлга киритилган янгиликлар ва уни Суғдиёна шаҳарсозлик маданиятини ўрганишдаги тутган ўрнига эътибор берилганлиги.

Ҳозирги кунда илгари маълум бўлган шаҳар мудофаа девори остидан лумбос типидаги девордан қизил рангда безалган сопол парчалари топилган. Бу сопол парчалари ғарб археолог олимлари орасида милоддан аввалги XIII-IX асрларга оид деб қаралмоқда ва музейда экспонат сифатида намойиш этилмоқда. Шу деворнинг устидан топилган гувалаксимон ғишт намуналар ҳам эътиборга молик.

Музейнинг иккинчи залида эса “Зарафшон бронза даврида” деб ном олган харита намойиш этилган бўлиб, унда Зарафшон дарёсининг қадимдан икки маданиятнинг туташган чегараси эканлигига алоҳида урғу берилган. Бу залда намойиш этилаётган топилмаларнинг аксарияти соф табиий мисдан ясалганлиги воҳанинг минералларга нақадар бойлигидан далолат беради. Музей залларида металл ишлаб чиқаришда кенг қўланилган тош болғалар, мис пичоқларнинг қолиплари ҳам экспонатлар қаторидан жой олган. Тош қуроллари орасида қора гранит тошдан ясалган келича (ўғирча) диққатингизни тортади. Ўғирча (кели)нинг коса ва ташқи қисми ойнадай силлиқланганлиги киши диққатини ўзига тортади. Бу хилдаги келилар қадимда зардуштийларнинг илоҳий ўсимлик хаомоа шарбатини ёки сумалак тайёрлашда ниш урган буғдой шарбатини эзиб олишда кенг қўлланилган.

Музей залларида сополдан ясалган, ноёб пиёла ҳам ташриф буюрувчиларда қизиқиш уйҳотади. Бу пиёланинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Пиёла қизил рангли лойдан ясалиб, ички ва ташқи томони сайқалланган. Идишга бу хил сайқал бериш албатта бежиз эмас. Тадқиқотларга қараганда, бу пиёла, аҳамонийлар империясининг Эрон, Афғонистон ҳудудларида шу шаклдаги олтин, кумуш, шиша каби ноёб материаллардан ясалган идишларга тақлид сифатида ясалган. Яна бу каби тақлид усулида Эрондан келтирилган кошкин идишларга ўхшатиб ясалган маҳаллий идишлар қадимги Афросиёб аҳолиси ва ўша даврнинг йирик давлатчиликлари ўртасида кенг маданий алоқалар ўрнатилганлигидан далолат беради.

Музейнинг тўртинчи залида Марказий Осиёга, жумладан Самарқанга Александр Македонский бошчилигида юнон қўшинларининг бостириб келиши ва у билан боғлиқ бўлган осори-атиқалар ўрин олган. Араб истилосидан кейин шаҳардаги кўпгина науслар (сўғдийларнинг қабристонлари) талон-тарож қилиниб улардаги остоданлар синдириб ташланади. Бу остодонлар шаклан бир-бирларига яқин бўлсада, уларнинг безалиши турли хил. Мисол учун, айрим остодонлар ҳашаматли қасрни эслатса, айримларида ҳаттоки оддий безакнинг ҳам йўқлиги аҳоли ўртасидаги ижтимоий табақаланишдан иборат эканлигидан далолат беради.

Иккинчи қават экспозицияси намойиши Марказий Осиёга араб истилоси давридан мўғил босқини давригача бўлган муддатни ўз ичига олади. Бу даврлар мобайнида Самарқанд шаҳри анча кенгайиб, ҳозирги эски шаҳар ўрнига қадар мудофаа девори билан ўраб олинади. Эксонатлар Афросиёб шаҳарчасининг сув таъминоти тизими ва шаҳар харитаси тарихидан ҳикоя қилади. Сиз унда ўрта аср сопол ишлаб чиқариш технологияси, темирчилик, шишасозлик намуналари ва меъморий безакли ғиштлар пишириш хумдонлари макетлари ва ғишт намуналари билан танишишингиз мумкин.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири