2017-03-10 12:00:00

ИЛМ-ФАН ИЗЛАНИШГА УНДАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 мартдаги қарорига кўра Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дилдора Ўроқова Зулфия номидаги Давлат мукофотига таълим йўналишида сазовор бўлди. 

— Математикани яхши ўрганган ўқувчи бошқа фанларни ҳам ўзлаштириши осон кечади, деган фикрнинг ростлигига кўп гувоҳ бўлганман, — дейди1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Шуҳрат Хўжаназаров. — Шунинг учун Дилдора барча фанлардан аъло баҳога ўқийди. Кўпинча ўқувчиларда маълум беллашувларга қатнашиб, ўрин эгаллагач, ўзини бироз эркин қўйиши кузатилади. Лекин Дилдора ундайлар тоифасига кирмайди. У ҳар сафар билим ўзлаштиришдан чарчамайди, ҳатто талаб қилади ҳам. Фанга нисбатан ижодий ёндашувини кўриб, бир неча бор қуйи синфларда машғулот ўтишига йўл қўйиб берганман. Шунда у баъзи масалалар ечимини шу ёшдаги ўқувчиларга мос тарзда чиқариб беришини кузатиб, ундаги билимга бўлган интилиши шунчаки эмаслигини ҳис қилганман. Синфдаги ўқувчилар билан тез тил топишиб, уларни ҳам тўғри йўлга бошлай олиши ундаги етакчилик хусусиятларини намоён қилади. 

Дилдора Ўроқова 2015 йилда математика фани бўйича билимлар беллашувининг республика босқичида имтиёзли 2-даражали диплом билан тақдирланди. 2016 йилда эса билимлар беллашувининг республика босқичида яхши натижани қўлга киритди.

Шунингдек, ўтган йилда бўлиб ўтган “Конституция — бахтимиз пойдевори” республика танловининг иншолар йўналиши бўйича Самарқанд вилоят босқичида иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади.

— Қизимнинг Президентимиз қўлидан юксак мукофотни олганини кўриб, кўзимга ёш келди, — дейди Дилдоранинг онаси Дилором Йўлдошева. — Қизларига юксак мукофот топшираётган, уларнинг кичик ютуқларини катта бир тантаналарда рағбатлантираётган юртда яшаётганимдан фахрландим. Қизимнинг ютуқлари замирида эса устозларининг беминнат хизмати бор, деб ўйлайман. Сабаби, ҳозирда баъзи мактабларда ўқувчилар билимдан ортда қолса, ўқитувчиларнинг репетиторлик қилишини кўп эшитганмиз. Аммо қизим таҳсил оладиган мактабда бундай ҳолатни кўрмадим. Аксинча, ўқувчининг иқтидорига қараб, унга қўшимча машғулотлар ўтилди, топшириқлар берилди. Яратилган шундай шароитлар учун давлатимиздан жудаям миннатдорман.

“Туркистон-пресс”