2017-03-11 12:32:00

ПЕДАГОГЛАР МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИДАН ТАКРОРАН ОНЛАЙН ЎТИШЛАРИ МУМКИН

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 февралдаги 103-сон қарори билан Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тўғрисидаги Низомга тузатишлар киритилди. Бу ҳақда www.norma.uz сайти хабар бермоқда.

Эндиликда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини такроран ўзлаштириши асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларнинг ўқув дастурларини мустақил равишда ёки масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилади.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги такрорий курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этилади. Бироқ тингловчиларнинг ассисмент топшириқлари (жорий назорат) фақат онлайн шаклида ташкиллаштирилади.

Мустақил равишда ёки масофавий таълим технологиялари асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув дастурларини ўзлаштираётган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади. Якуний аттестация тегишли йўналишлар бўйича таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида узрсиз сабабларга кўра дарс қолдиргани учун тингловчилар сафидан чиқарилган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари пулли асосда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсидан такроран ўтиши ҳамда ўқишнинг тегишли йўналиши (мутахассислиги) бўйича кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсида аттестациядан ўтиши шарт. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан такроран ўтиш 288 соат ҳажмида ташкил этилади.

Бундан ташқари, энди олий ўқув юртлари педагог кадрларига улар билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси тўхтатилган кундан 1 йил (илгари 3 йил) ўтгандан кейин пулли асосда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсидан ва аттестациядан ўтишга рухсат берилади.

Шунингдек, истисно тариқасида:

тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, жумладан рус ёки қорақалпоқ тилида дарс олиб бориладиган гуруҳларда, тингловчилар контингенти бир гуруҳ меъёрида йиғилмайдиган кам сонли алоҳида таълим йўналишларида ўқув жараёнини ташкиллаштиришда бир гуруҳдаги тингловчилар сони камида 5 нафар этиб белгиланиши мумкин;

йил давомида 5 нафаргача педагог кадрлар йиғилмайдиган алоҳида таълим йўналишларида малака ошириш гуруҳи мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таянч олий таълим муассасасининг буйруғи билан тингловчилар сони 5 нафардан кам гуруҳ шакллантирилиши ёки улар учун малака ошириш масофадан ўқитиш усуллари орқали амалга оширилиши мумкин.

“Туркистон-пресс”