2017-03-12 14:18:00

БИР ҚУЁНДАН 20 КИЛОГРАММ ГЎШТ

Умумий маҳсулдорлигига кўра қуёнчилик чорвачилик тармоқлари орасида энг сердаромад соҳалардан ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда хориждан наслли қуён зотларини келтириб, маҳаллийлаштириш ва саноат усулида кўпайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Пастдарғом туманидаги “Дарғом агро Великан” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд вилоятидаги ана шу йўналишда ташкил этилган ягона корхонадир.

— Вилоятларда қуёнчиликни ривожлантириш давлат дастурига асосан ўтган йилнинг июль ойида Италиянинг “Мартини” фирмасидан 110 бош наслли қуён келтирдик, — дейди жамият директори Тўлқин Қурбонов. — Ўтган олти ойда жамиятимиздаги қуёнлар сони 1600 бошдан ошди. Бугунга келиб шартнома асосида туманларга 100 донадан қуён етказиб беряпмиз.

Мутахассисларнинг фикрича, қуён гўшти парҳез маҳсулот ҳисобланиб, қўй, эчки, қорамол гўштига нисбатан енгил ҳазм бўлади, таркибида холестерин моддаси бузоқ гўштига нисбатан 2,4 марта, товуқ гўшти билан таққослаганда 2,7 марта камроқ. Терисидан эса саноатда аёллар ва болалар пўстини, нимча, қулоқчинли телпаклар, ёқаликлар, чармли енгил оёқ кийимлари, қўлқоплар, сумкалар тайёрланади.

— Биз келтирган қуёнлар гўшт йўналишидаги “Янги Зеландия” зотли бўлиб, 65 кунда 2,5-3 килограмгача тош босади, туғилгандан 105 кун ўтиб, ўзидан насл қолдириши мумкин,  — дейди жамият ветеринар врачи Акрам Сурмонов. — Гўшт учун боқиладиган мазкур қуённинг дунёдаги энг юқори маҳсулдорлиги 20 килограмни ташкил этаркан. Бунинг учун қуёнларни белгиланган даражада маккажўхори, буғдой ва донлардан тайёрланган махсус ем билан озиқлантирилса, 4-4,5 ойлигида кўзланган натижага эришиш мумкин.

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, хонадонда 5 бош қуён боқиб, ундан йил давомида 7-8 марта насл олиш ҳисобига қуёнлар сонини мингдан ошириш мумкин. Бу эса ўз навбатида ушбу оила томонидан 400 килограмм парҳез гўшт, 700 бош қуён олиш, 16,5 миллион сўм даромад ва 5 миллион сўм соф фойда қилиш имконини беради.

“Туркистон-пресс”