2017-03-13 16:26:00

ЎЗБЕК ДИЗАЙНЕРИ БРИТАНИЯ МОДА ОЛАМИНИ ЗАБТ ЭТИШ ЙЎЛИДА

Яқинда Европанинг йирик кўргазма марказларидан бири “London Olympia” мажмуасида “Pure London” мода ва дизайн намойиши бўлиб ўтди. 1998 йилдан буён йилда икки марта ўтказиб келинаётган кўргазмада мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги имкониятлари илк бор “The Black Quail” ўзбек компанияси бош дизайнери ва ғоявий етакчиси Паҳлавон Турдиев раҳбарлигида тақдим этилди.

“Pure London” Буюк Британиянинг мода ва дизайн йўналишидаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Дунё халқлари орасида урф бўладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва соҳа экспертлари турли мамлакатлардан бу ерга аёллар либослари ва болалар кийимлари, пойабзаллар ва модага оид жиҳозларни намойиш қилиш учун келишади. Кўргазмада либослар, пойабзаллар ҳамда замонавий буюмлар дизайнерлари ва уларнинг савдоси билан шуғулланувчилар, харидорлар қатнашишади, таҳлилчилар ва шоу бизнес оламида машҳур шахслар меҳмон бўлишади.

Бу йил кўргазмада Британия ва дунёдаги 900 дан зиёд урфдаги кийим-кечак ва маҳсулот яратувчилари жам бўлди.

Жадал ривожланиб бораётган, беш йил давомида чармдан қўл меҳнати орқали турли буюмлар тайёрлаб келаётган Ўзбекистоннинг “The Black Quail” маҳсулот белгиси остидаги маҳсулотлари мазкур кўргазма қатнашчилари учун ўзбек халқининг гўзал ва бой маданиятининг кашфиёти бўлди.

П.Турдиевнинг таъкидлашича, “Pure London” унинг Европа бозорини забт этиш йўлидаги янги қадамидир.

— Аввало, бу биз учун бир тажрибадир, — дейди ўзбек дизайнери. — Кўргазма қатнашчиларининг маҳсулотларимизга муносабатларини кўриш келажакда қайси йўналишга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозимлигини аниқлаб олишга ёрдам беради. Биз ушбу нуфузли тадбирда қатнашганимиз ва дунёга кўрсатиш мумкин бўлган салоҳиятимиз намуналарини намойиш этганимиз билан фахрланамиз. Айни пайтда, бизнинг маҳсулотларимиз Европа жамоатчилигининг ўзбек маданиятига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилишини истаймиз.

“The Black Quail” маҳсулотлари мутахассислар ва харидорлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Зотан, ўзбек дизайнери П.Турдиев ғояси ва дизайни асосида ишланган маҳсулотлар ўзида қандай қилиб табиий чармдан кўп асрлик анъаналарга асосланган бир неча хил буюмлар яратиш мумкинлигини намоён этади.

— Ҳозирги кунда Лондон шаҳри мода саноатининг асосий марказларидан саналади, — деди кўргазма ташкилотчиларидан бири Александр Ли. — Бу ерда ҳаётнинг жўшқин ҳаракати сезилиб туради, одамлар янги ғоялар, номлар ва маҳсулот белгиларига хайрихоҳ. Менимча, “The Black Quail” белгиси туширилган маҳсулотлар оммалашуви жадаллашадиган ва истиқболли ҳисобланади, бинобарин, уларда истеъмолчилар қамровини кенгайтириш, Буюк Британия мода бозорига кириш салоҳияти мавжуд. Табиий матоларда ўз аксини топган ёрқин кўринишли одми ва ихчам шакллар – мумтозлик ва янгича услубни қўллаш тажрибасининг нозик чегараси ҳам аслида мана шу. Менда айниқса ўзида очиқ ранглар ва миллий шаклларни уйғунлаштирган намуналар жуда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда иштирокчилар учун нафақат дунёда эътироф этилган белгига эга маҳсулотлар жамланмалари билан танишиш, балки фойдали шартномалар тузиш ҳамда мода саноати таниқли вакилларининг ўз савдо белгисини шакллантириш ва уни дунё бозорига олиб чиқиш ҳақидаги маърузаларида иштирок этиш имконияти яратилди. Ижтимоий тармоқлар ва уларда мавзуга бағишланган саҳифалар ташкил этишнинг компаниялар нуфузини ошириш воситаси сифатидаги ўрни ҳақидаги масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Кўргазма доирасида “The Black Quail” раҳбарияти ва Европа компаниялари вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

“Жаҳон” АА, Лондон