2017-03-14 19:09:00

СОҒЛОМ БОЛА — СОҒЛОМ МИЛЛАТ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори томонидан Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида “Соғлом бола — мамлакат келажагини таъминлайди” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП “Истиқбол” ёшлар қанотининг лойиҳалари орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш ва айниқса, гиёҳвандлик ва унинг инсон умрини завол қилиши бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди. Иштирокчилар гиёҳвандлик инсон ва жамият ҳаёти учун ниҳоятда хавфли иллат эканлиги, ўз навбатида бу иллатга қарши курашишда ёшлар орасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлашди.

— Мамлакатимизда гиёҳванд моддаларга қарши кураш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тушунтириш муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон ХДП “Истиқбол” ёшлар қаноти Нукус шаҳар кенгаши етакчиси Гавҳар Худайбергенова. — Шунингдек, ёшлар орасида “оқ ажал”нинг ҳалокатли оқибатларини, гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги учун хавфли иллат эканлигини, гиёҳванд одамдан носоғлом фарзанд туғилишини, гиёҳвандлик натижасида оилалар барбод бўлишини ва бошқа салбий оқибатларни ёшлар онгига сингдириш ниҳоятда муҳимдир.

Тадбир давомида келажаги порлоқ, бахтли бўлган мамлакатнинг келажак авлоди соғлом ва бахтли оилада камол топиши таъкидланди. Бунда эса, аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Туркистон-пресс”