2017-03-15 15:26:00

БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИДАГИ САМАРАЛИ ИШЛАР

Маълумки, ёш авлод ҳар бир халқнинг орзу-интилишларини рўёбга чикарадиган, мамлакатнинг эртанги кунини ҳал қиладиган катта куч.Шу боис, юртимизда ёшларни жисмонан соғлом, маънан юксак, баркамол шахс этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни юксак тафаккурли, салоҳиятли этиб тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш учун барча таълим масканларида қулай шарт-шароитлар яратилган. Қайси таълим даргоҳига борманг, у ердаги қулайликларни кўриб, кўзингиз  қувнайди, у ерларда таҳсил олаётганларни кўриб ҳавасингиз ортади.

            Жаҳон талаблари даражасида қурилган биноларда, энг илғор таълим стандартлари асосида таҳсил олаётган юртимиз ёшларига бугун хорижликларнинг ҳавас қилишаётгани ҳам сир эмас. Чунончи, Самарқанд вилоятининг Булунғур педагогика ва спорт касб-ҳунар коллежида ҳам ўқувчиларнинг чуқур билим эгаллашлари учун барча имкониятлар эшиги очиқ. Сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган ўқув хоналари, барча шароитларга эга спорт зали, 11 мингдан ортиқ фондга эга кутубхона ўқувчилар ихтиёрида. Бу ерда яратилган қулайликлардан унумли фойдаланиб, турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритаётган иқтидор эгалари тобора ортиб бораётгани эса кўнгилларни тоғдек юксалтираётгани ҳам бор гап. Айни кунда коллеждаги турли йўналишларда таҳсил олаётган 1112 нафар ўқувчига 110 нафар малакали педагог таълим-тарбия беришмоқда. Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун билим масканида 50 га яқин спорт ва бадиий тўгараклар ишлаб турибди. Ўқувчиларнинг ҳар бири 7-8 тадан тўгаракларга жалб қилинган.

            — Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, соҳага энг илғор педагогик технологиялар жорий этилди, — дейди коллеж директори Юлдуз Жуманова. — Бу эса таълимни сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Коллежимизда ҳам таълим самарадорлигиниянада оширишга, педагогларнинг услубий фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, ўқитувчиларимиз ўз устида изланиб, билим савиясини оширмоқдалар.

            Коллежда истеъдодли ўқувчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш максадида амалий ишлар йўлга қўйилган. Турли танловларда фахрли ўринларни қўлга киритаётган ўқувчилар доимий рағбатлантириб борилади. Шунингдек, ёшларда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, уларни ота-боболаримиздан бизга мерос сифатида ўтиб келаётган тарихий қадриятларимизга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида кўплаб маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс”