2017-03-15 18:00:00

ИСТЕЪДОД РАҒБАТСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Бизнинг ёш юртдошимиз, иқтисодчи олим Рауфхон Салахўжаевнинг сайёрамиздаги энг кучли ёш иқтисодчилар юзталигидан жой олгани ҳақида хушхабар қалбимизни фахрга тўлдирди.

Ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган ёш олим 2012 йилда АҚШнинг “Fulbright” дастури стипендияси ғолиби бўлган, Нью-Йорк давлат университетининг иқтисодиёт магистри илмий даражасини олган. Рауфхон 2013 йилдан буён Тошкент Халқаро Вестминстер университетида талабаларга иқтисодиёт фанидан сабоқ бермоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими сифатида изланиш олиб боряпти.

— Мазкур рейтингдан жой олганим мен учун жуда қувончли, албатта, — дейди Р.Салахўжаев. — Бу ютуқ юртимизда ёшларга яратилган кенг имкониятлар самарасидир. Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан ёшларимизнинг билим эгаллашлари, ўқиб-изланишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Пировардида, ўзбекистонлик ёшлар барча соҳаларда улкан муваффақият қозониб келмоқда. Мен ҳам келажакда ўз танлаган соҳам бўйича юртимиз довруғини дунёга таратишга астойидил ҳаракат қиламан.

Р.Салахўжаев иқтисодиётда янги бўлган халқаро макроиқтисодий жараёнларни эволицион биология ва писихология нуқтаи назаридан тушунтириш йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда. Унинг бу йўналишдаги тадқиқоти дунё мамлакатлари орасида бозор институти сифати ҳамда даромадлар тенгсизлиги даражасидаги фарқлар 50 ёки 100 йил муқаддам эмас, балки ундан ҳам аввалроқ, халқ ва давлатларнинг маданий бойликлари шаклланаётган вақтда пайдо бўлганлигини тушунтиради. Яқин 5-10 йил ичида иқтисодий ўсишнинг чуқур омилларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз мевасини беришига ишонамиз.

Ёш олим Р.Салахўжаев мисолида юртимизда ҳар бир инсон муносиб тарзда рағбатлантириб келинаётгани яна бир бор ўз исботини топди. Президентимиз номидан Рауфхонга пойтахтимиз марказида жойлашган замонавий ҳовли-жой совға қилинди. Тошкент шаҳар ҳокими уй калитини топширар экан, мамлакатимиз раҳбарининг самимий тилакларини ҳам етказди.

—Президентимизга биз, ёшларгни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганликлари учун чексиз миннатдорлик билдирамиз, — дейди Рауфхон Салахўжаев. — Олий мақсадим ҳам илм-фан тараққиёти йўлида янада кўпроқ ишлаб, Ватанимнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшишдир.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири