2017-03-15 18:20:00

ҚЎҚОН ДУРДОНАЛАРИ “EURONEWS” ТЕЛЕКАНАЛИДА

Дунёга машҳур “Euronews” телеканали ўз томошабинларини Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва нодир меъморий обидалари билан таништиришда давом этмоқда. Навбат Ҳўқанди латиф ва унинг асосий диққатга сазовор маскани Худоёрхон саройига келди. Жорий ҳафтада “Ўзбекистондан суратли номалар” (“Посткардс фром Узбекистан”) туркуми ижодкори Шеймус Керни ана шу шаҳар ҳақида ҳикоя қилади.

Мазкур гўшанинг ўзига хос жиҳатларини сифатлар экан, журналист Қўқон номи ажойиб, беназир шаҳар, дея таржима қилинишини айтади.

Дастурда бетакрор ранг-баранглиги ва ҳашаматли зийнати билан кенг машҳур бўлган Худоёрхон саройи бир пайтлар Марказий Осиёдаги энг улкан иншоот бўлгани таъкидланади. Маҳобатли мажмуа 1863-1875 йиллар давомида қадимий қалъа ўрнида барпо этилганига, ушбу улкан саройнинг қурилишига Қўқон, Бухоро ҳамда бошқа шаҳарларнинг меъмор ва мусаввирлари жалб қилинганига эътибор қаратилади. “Обидага келувчилар ўзининг улканлиги билан ҳайратга соладиган сарой олд кўринишидан ўтгандан сўнг салобатли ва нафосат билан ишланган ички деворларни томоша қилиб, кичик ва кенг хоналарни орқали мажмуага киришлари мумкин”, дейди телешарҳловчи.

Экскурсиянинг ҳамкори Мадина Абдуллаева бир пайтлар саройда 114 та хона ва 7 та ҳовли бўлгани ҳақида ҳикоя қилади. “Бугунги кунгача атиги 19 та хона сақланиб қолган, саёҳатчилар учун 4 та ҳовли очилган, —дейди у. —Қадимий меъморий ва тасвирий дурдоналар гўзаллигини сақлаб қолиш мақсадида Худоёрхон саройида қайта таъмирлаш ишлари бир кун ҳам тўхтагани йўқ”.

Жорий ҳафтада “Ўзбекистондан суратли номалар” телетуркуми Euronews” каналида давом этади.

“Жаҳон” АА