2017-03-15 18:18:00

АРМИЯДАН ЖЎШҚИН ҲАЁТГА

Бугунги кунда ёшларимиз учун ҳарбий хизмат шан-шараф ишига айланган. Бунда албатта, мустақиллик йилларида ҳарбий соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар муҳим аҳамият касб этади.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёшларнинг бандлиги, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниши таҳлилларига бағишлаб  ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёшларни иш жойлари билан таъминлаш, уларни олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишга амалий ёрдам бериш мақсадида жойларда мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари томонидан маҳаллаларда, ишлаб чиқариш объектларида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар ва уларнинг ота-оналари учун учрашувлар, турли семинарлар ташкил этилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги билан ҳам самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Вазирлик томонидан ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёшларни ишга жойлаштириш ва касбга ўқитиш бўйича ёшлар ва уларнинг ота-оналарига маълумотлар тақдим этиб борилмоқда. Шунингдек, мунтазам ўтказиб келинаётган меҳнат ярмаркаларида уларнинг иштироки таъминланмоқда.

Тадбирда бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчиллик билан давом эттирилиши таъкидланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири